Нагоя университети вакиллари СамДУда
Япониянинг Нагоя университети халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ямада Тошиюки бошчилигидаги делегация Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди.
Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Аҳатов билан кечган учрашувда талаба, тадқиқотчи, профессор-ўқитувчилар алмашинуви ҳақида сўз борди. Самарқанд олийгоҳи илмий изланувчиларининг Нагоя университети докторантурасида ўқиши ва Японияда диссертация ҳимоя қилиши масалалари муҳокама этилди. Ҳамкорликда яйлов муаммоси, кимё, физика, ядро физикаси, муҳандислик соҳаларида илмий-тадқиқот олиб бориш юзасидан фикр алмашилди. СамДУ Ботаника боғи ҳудудида “Япон боғи” ташкил этишга келишиб олинди.

– Илк бор Самарқандга келишим, ажойиб шаҳар экан, менга жуда ёқди, – дейди Ямада Тошиюки. – Самарқанд давлат университетида яхши илмий муҳит шаклланган. Муассаса кампуслари жуда чиройли. Ҳамкорлигимиз самара беришига ишонаман.

Делегация раҳбари университетда япон тили ва маданияти маркази ташкил этилгани, япониялик талабалар таҳсил олаётганидан мамнунлигини изҳор этди. Шунингдек, СамДУга Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар ташриф буюргани, унинг номи билан лаборатория ташкил қилинганини муҳим воқелик сифатида эътироф этди.

ЎзА