Нафосат фестивалини меҳр билан эккан гулларим билан кутиб оламан — Умида Нурбоева (+видео)
Ўн йилдан буён Наманган шаҳрининг ободлиги ва кўркамлигига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ободонлаштириш соҳаси ходими Умида Нурбоева учун гул экиш шунчаки касб эмас — бу меҳр ва садоқат ифодасидир.
У Янги Наманган тумани Ободонлаштириш бошқармасида фаолият юритиб, шаҳар кўчалари ва гулзорларини янада чиройли қилишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
— Кичик меҳнатимиз билан шаҳримиз янада чирой очаётганини кўриш бизга катта мамнуният бағишлайди. Наманганликлар ва шаҳримиз меҳмонларига қувонч улашаётганимдан ғурурланаман, — дейди Умида Нурбоева.
Унинг таъкидлашича, ушбу ҳалол меҳнат нафақат шаҳар гўзаллигига, балки оила фаровонлигига ҳам хизмат қилмоқда.
— Шу меҳнат ортидан рўзғор тебратяпмиз, фарзандларимизни катта қиляпмиз, тўйлар қилдик. Ҳеч кам бўлмадик, — дея фахр билан сўзлайди у.
Бу йил халқаро гуллар фестивалининг юбилей байрамида Умида Нурбоева меҳр билан парваришлаган гуллари орқали фестиваль меҳмонларини кутиб олишни ният қилган.
— Нафосат фестивалида ўзим меҳр билан эккан гулларим билан барчани кутиб оламан, — дейди у.
Наманганнинг гўзаллиги ортида ана шундай меҳнаткаш инсонларнинг ҳиссаси мужассам.
<iframe width="480" height="860" src="https://www.youtube.com/embed/AMqoy41hHew" title="Nafosat festivalini mehr bilan ekkan gullarim bilan kutib olaman — Umida Nurboyeva" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тоҳир Турсунов, ЎзА