Музейлар учун аҳолидан ноёб ашёлар сотиб олинди
“Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси фондини бойитиш, миллий тарих ва маданий мерос намуналарини сақлаш ҳамда келажак авлодга етказиш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида аҳолидан 232 та археологик топилмалар, қадимий тангалар, нумизматик материаллар, заргарлик ва этнографик буюмлар, тасвирий санъат асарлари, мусиқа асбоблари ва қўлёзма китоблар сотиб олинди, 5 та ноёб ашё туҳфа сифатида тақдим этилди.
– “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси доирасида юртимиздаги музейлар учун аҳолидан қадимий ва ноёб ашёларнинг сотиб олиниши ёки совға сифатида қабул қилиниши музейларимиз фондини янада бойитиш, халқимизнинг тарихи ва маданияти билан боғлиқ янги маълумотларни тўплашга хизмат қилмоқда, – дейди “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси директори ўринбосари Сафура Рўзимуродова. – Бунинг учун ҳар йили бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан ҳар бир вилоят учун 500 миллион сўмдан маблағ ажратилмоқда. Жумладан, бу йил ажратилган маблағлар ҳисобидан йилнинг биринчи ярмида 279 миллион сўмга ноёб ашёлар сотиб олишга эришдик. Харид қилинган ашёлар турли даврлар ва йўналишларни қамраб олади. Масалан, улар орасида бронзадан тайёрланган камар безаклари, оқ металлдан ясалган илон боши шаклидаги қадимий билагузуклардан тортиб милоддан аввалги III асрга мансуб драхмалар, Сомонийлар сулоласи дирҳамлари ва XVI асрга оид Шайбонийлар даври тангаларигача бор. Бу ашёлар мамлакатимиз ҳудудидаги давлатчилик, савдо-иқтисодий муносабатлар ва тангашунослик тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда тайёрланган миллий мусиқа асбоблари – Ҳамро сози ҳамда Қашқар рубоби, Хоразм ва Бухоро заргарлик мактабларига мансуб ҳалқали сирға, найча ва билагузуклар ҳам музейларимизни янада бойитди. Уларнинг ҳар бири қадимий ашё бўлиш билан бирга халқ ҳунармандчилиги анъаналарининг узоқ ўтмишидан далолат беради.

Аҳолидан сотиб олинган этнографик тўпламдан эса Самарқанд, Сурхондарё, Шаҳрисабз, Нурота ҳудудларига хос желак, токчапўш, болинпўш, ойнахалта, сандиқпўш, дастурхон, чувал (напрамач) каби миллий каштачилик буюмлари ҳамда қўғирчоқлар ўрин олган. Бу ашёлар халқимизнинг турмуш тарзи, амалий безак санъати ва миллий қадриятларини ўзида мужассам этган.

Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, айни пайтда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг таниқли намояндалари Вадуд Маҳмуд, Саидаҳмад Василий, Маҳмудхўжа Беҳбудий портретлари ҳамда ХІХ асрга мансуб “Маснавийи Нозим” қўлёзмасини харид қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Аҳолидан сотиб олинган ва совға қилинган ноёб ашёлар музейларда мавжуд экспозицияларга қўшилган ҳолда ҳамда алоҳида кўргазма сифатида намойиш этилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири