Мустақиллик йилларида экологик сиёсат
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан кенгайтирилган тадбир ўтказилди.
Унда сўнгги йилларда юртимизда табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар эътироф этилди.

Қайд этилганидек, бугунги давр талабидан келиб чиқиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасидаги давлат бошқаруви тизими тубдан такомиллаштирилди. Оролбўйи ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш бўйича минглаб гектар майдонларда кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Чўлланишга қарши курашиш ва яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, тадбирда экологик қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларга ҳам урғу қаратилди. Қайд этилдики, янги таҳрирдаги Конституцияда бебаҳо табиий бойликларни ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланди. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик экспертиза, чиқиндиларни бошқариш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда биологик хилма-хилликни сақлашга қаратилган қатор қонунлар такомиллаштирилди.

Иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва халқаро экологик мажбуриятларни самарали амалга ошириш мақсадида Қонунчилик палатасида Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди.
Тадбирда “Менинг боғим” ташаббуси мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш ва фуқароларнинг экологик ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган муҳим жамоатчилик лойиҳаларидан бири эканлиги алоҳида қайд этилди.
Умуман, мустақиллик йилларида экологик соҳада эришилган ютуқлар мамлакат тараққиётининг муҳим натижаларидан бири сифатида эътироф этилди. Экологик сиёсатни амалга оширишда парламентнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди.
М.Комилова, ЎзА