Мустақиллик солномаси: таълим қандай ўзгарди?
Ўша пайтлар...

ХХ асрнинг охирги ўн йиллиги мамлакатимиз тарихини янги ва ўчмас саҳифалар билан бошлаб берди. Табиийки, Мустақил давлат сифатида оёқда туриш, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини ривожлантириш, халқ фаровонлигини таъмишлаш осон эмасди. Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, Ўзбекистонда мактаб тармоғи мавжуд, деярли ҳамма бола мактабга борарди, ёзиш-ўқишни биларди. Лекин ўша тизимнинг ўз чегаралари бор эди.
Биринчидан, у бир қолипга солинган эди. Ҳамма мактаб бир хил, ҳамма дарслик бир хил, ҳамма режа юқоридан келарди. Ота-она болани қаерда ўқитишни танлай олмасди — танлашнинг имкони йўқ эди.
Иккинчидан, мактабгача таълим, яъни боғчалар асосан шаҳарларда, катта корхоналар қошида эди. Қишлоқ жойларида боғча деган тушунча кўпинча мавжуд эмасди.
Учинчидан, олий таълим муассасаларига ўқишга кириш жуда оғир эди. Ўринлар сони юқоридан белгиланар, талабгорлар эса йилдан йилга кўпайиб борарди.
Гап шундаки, мамлакат бундай тизимни ўзи танламаган эди.
Умуман Таълим тизими ҳақида гап кетганда, кўпинча ҳисоботлардаги силлиқ ва баландпарвоз гапларга ўрганиб қолгандик. Бироқ жамиятни қуруқ ваъдалар эмас, реал ҳаётдаги ўзгаришлар ва аниқ рақамлар қизиқтиради. 1991 йилдан бери босиб ўтилган 35 йиллик мураккаб йўлга баҳо беришнинг энг холис мезони – бу статистик фактлар ва аччиқ бўлса-да, очиқ айтилган ҳақиқатдир.
Ўқитувчи мақоми:
пахта далаларидан молиявий рағбатгача
Илгари ўқитувчилик обрўли бўлса-да, энг оғир касблардан бири эди. Педагоглар дарс бериш ўрнига пахта терими, кўча тозалаш ва турли мажбурий ҳашарларга жалб қилинарди. Кейинги 10 йилда бу мўътабар касб соҳибларининг мақоми тубдан ўзгарди, жамиятда уларнинг мартабаси юксалди.
2018 йилдаги меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилган ўзгартиришлар билан ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга тортиш қатъий тақиқланди. Бўлар-бўлмас бюрократик ҳисоботлар бекор қилиниб, ўқитувчи ўз устида ишлашига, билим ва тажрибасини оширишга имкон яратилди. Миллий ва халқаро (C1/B2) сертификатга эга педагогларга 20 фоиздан 50 фоизгача, вазир жамғармаси орқали эса 100 фоизлик устамалар белгиланди. Натижада минглаб изланувчан ўқитувчиларнинг ойлик маоши 10-15 миллион сўмлик кўрсаткичга етди.
Давлат боғчаларидан оилавий боғчаларгача
Мустақилликнинг дастлабки йилларида боғчалар асосан шаҳар ва катта корхоналар тасарруфида бўлиб, қишлоқ жойларида бу тушунча деярли мавжуд эмас эди. Тизимдаги инқироз 2016 йилга келиб чин чўққисига етди. Масалан, ўша йилларда мамлакат бўйича боғча ёшидаги болаларнинг бор-йўғи 27,7 фоизи (ҳар тўрт боладан бири) тизимга қамраб олинган эди. Давлат боғчалари сони 5 211 тани ташкил этиб, 4 000 дан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам боғча йўқ эди. Шу ўринда бир мисол. Ёш келин фарзанд кўрди. Уч-тўрт йилдан кейин ишга қайтмоқчи. Лекин болани қўядиган яқин атрофда боғча йўқ, бор бўлса ҳам навбат икки йиллик. Натижада аёл уйда қолади. Оила даромади камаяди. Бола эса мактабга тайёргарликсиз боради — қалам ушлашни, бошқа болалар билан гаплашишни, бир жойда ўтиришни ўрганмаган.
Бугун қандай? Мамлакат миқёсида эҳтиёжни қоплайдиган миқёсдаги боғчаларни қуришга вақт ҳам маблағ ҳам етказиш мушкул эди. Шунинг учун йўл очиб берилди — тадбиркорга ҳам, оддий оилага ҳам. Уйида шароити бор аёл ўз хонадонида кичик боғча очиши мумкин бўлди. Давлат унга ер берди, имтиёз берди, тарбиячисининг маошини қоплаб берадиган бўлди. Натижа шу: боғчага борадиган болалар улуши тўртдан бирдан тўртдан учга чиқди. Аввал бирорта боғчаси бўлмаган минглаб маҳаллаларда энди бор.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташкил этилиши, оилавий ва хусусий боғчаларга давлат субсидиялари ажратилиши натижасида қамров 78 фоиздан ошди. Маҳаллаларда очилган оилавий боғчалар ҳисобига улар сони 37 000 дан ортиб, миллионлаб оналарнинг қўли бўшаб, ишли бўлишига ва минглаб аёллар учун янги иш ўринлари яратилишига имкон берди.
Бу — миллионлаб оналарнинг ишга чиқиш имкони дегани. Бу — мактабга тайёр бориб, биринчи синфдан бошлаб ортда қолмайдиган бола дегани. Ва бу — ишсиз бир неча аёл учун иш ўрни дегани, чунки оилавий боғча ҳам аслида бир кичик корхона.
Олий таълим: сунъий монополия синдирилди
Ўзбекистонда узоқ йиллар ОТМ ўқишга кириш билимдан кўра кўпроқ “омад ва квота”га боғлиқ масала бўлиб келди. Мактабни аъло баҳоларга битирган ёшлар ҳам сунъий чекловлар сабабли четда қолиб кетарди. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар бу чекловни тубдан ўзгартирди.
Олий таълим тизимида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, энг аввало, рақамлар ва аниқ кўрсаткичларда ўз аксини топмоқда. 2016 йили мамлакатимизда бор-йўғи 77 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 210 тадан ошди. Яъни олий таълим муасссалари тармоғи деярли уч бараварга кенгайди.
Илгари мактаб ёки лицей битирувчиларининг атиги 9-10 фоизи олий таълим олиш имконига эга бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 42-45 фоизга етди. Бу – қамров даражаси 4,5 бараварга ортганидан далолат беради.
2016 йили талабаларнинг умумий сони 230 минг нафар атрофида бўлган бўлса, бугунги кунга келиб 1,3 миллиондан ошиб кетди (5,6 баравар ўсиш). Энг эътиборли жиҳати – талаба қизларнинг улуши 36-38 фоиздан 51 фоизгача кўтарилди. Тарихимизда илк бор олий таълимда таҳсил олаётган хотин-қизлар сони кўпчиликни ташкил этмоқда.
Хусусий ва хорижий университет филиалларининг очилиши натижасида чекка вилоятлардаги олий таълим олиш истагидаги ёшлар, айниқса, қизлар учун пойтахтга бориб ўтирмай таълим олиш имконияти яратилди. Магистратурада ўқиётган хотин-қизлар контрактининг давлат томонидан тўланиши эса жамиятдаги катта ижтимоий бурилишни бошлаб берди, жамиятда илм, фан ва маърифатни юксак маънавий қадриятга айлантиришдек эзгу мақсад рўёбига хизмат қила бошлади.
Илк бор ўз камчилигини тан олган давлат
Мамлакатимизда халқни фаровонлик элтадиган ислоҳотларнинг энг муҳим қадамларидан бири – жумладан, таълим соҳасидаги камчиликларни яширмаслик бўлди. Ўзбекистон ўз тарихида илк бор 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлик даражасини баҳоловчи халқаро PISA-2022 тадқиқотида иштирок этди (81 та давлат орасида). Унга кўра, математик саводхонлик – 364 балл (72-ўрин), ўқиш саводхонлиги – 336 балл (80-ўрин), табиий-илмий фанлар – 355 балл (81-ўрин)ни ташкил этгани маълум бўлди.
Бу рақамлар фахрланадиган даражада эмасдир. Лекин, энг муҳими, натижалар яширилмади, очиқ эълон қилинди. Айнан шу рақамлар миллий ўқув дастурини, дарсликлар мазмунини ва ўқитиш методологиясини тубдан қайта кўриб чиқиш учун ташхис ролини вазифасини ўтамоқда.
Хуллас, 35 йилда нима ўзгарди?
Мустақиллик эълон қилинганига 35 йил тўлди. Оралиқ қисқа муддат эмас. Дастлабки йилларда давлат ўз пойдеворини қурди: ўз дарслиги, ўз тизими, ўз стандарти вужудга келди. Кейинги босқичда бу тизим такомиллаштирилди ва мустаҳкамланди. 2016 йилдан бошланган ислоҳотлар орқали эса соҳани халқаро тан олинган мукаммал стандртлар билан қуроллантириш, уларни амалда самарали қўллаш йўли тадбиқ этилмоқдаки, дастлабки натижаларини халқимиз ўз кўзи билан кўриб турибди.
Албатта, тизим ҳали бутунлай мукаммал бўлиб қолгани йўқ. Мактабларда ҳануз икки-уч сменали ўқишлар, айрим дарслик ва хусусий олий таълим муассасаларида сифат муаммолари сақланиб қолмоқда. Аммо 1991 йили туғилган бола ва бугун туғилган боланинг таълим траекторияси ўртасида кескин фарқ бор. Бугунги бола учун эса боғча ва инклюзив мактаб табиий шароит, олий таълимга кириш эса орзу эмас, балки аниқ ҳисоб-китоб ва меҳнатга боғлиқ оддий эҳтимолдир.
Тарихдан ҳар қандай кишилик жамиятининг юксалиш даражаси таълим ва тарбияга ёндашуви билан ўлчанган. Дунё тубдан ўзгараётган бугунги даврда эса соҳага талаб каррасига ўсиб бормоқда. Таълимдаги 35 йиллик йўлнинг ҳақиқий баҳоси ҳам айнан юқорида таъкидланган рақамлар ва ҳаётий имкониятлар кўлами билан ўлчанади.
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
халқ депутатлари Наманган вилояти
Кенгаши депутати Парпиев Махмуд Маматович