Мустақиллик – инсонлар ҳаёти, ёшлар интилиши, тадбиркор ташаббуси, олимлар изланиши ва спортчи ғалабасида...
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллик айёми мамлакатимизда “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Бу ғоянинг замирида шунчаки байрам шиори эмас, балки сўнгги йилларда мамлакатимиз ҳаётида юз берган улкан ўзгаришлар, халқимиз дунёқарашидаги янгиланиш, жамиятдаги бирдамлик ва Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси мужассам.
Ҳар бир халқ тарихида мустақиллик бир кунлик воқеа эмас, балки асраб-авайлаш, қадрлаш ва мустаҳкамлашни тақозо этадиган юксак қадриятдир. Унга эришиш машаққатли йўл бўлганидек, унинг қадрига етиш, мазмун-моҳиятини янада бойитиш ва келажак авлодларга муносиб тарзда етказиш ҳам катта масъулиятдир.
Шу маънода, бу улуғ сана — босиб ўтилган йўлга назар ташлаш, эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, бугунги кунимизни холис баҳолаш, олдимизда турган вазифаларни белгилаш учун муҳим имкониятдир.
Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида юз берган туб бурилишлар аҳолининг умид ва ишончини оширди, айни пайтда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва имкониятларини ҳам кенгайтирди. Ўзбекистонга фақат янги ислоҳотлар йўлидан бораётган давлат сифатида эмас, балки ўз салоҳиятига ишонган, дунё билан очиқ мулоқот қилаётган, миллий манфаатларини замонавий тараққиёт талаблари билан уйғунлаштираётган мамлакат сифатида қаралмоқда.
Энг муҳими, бу ўзгаришларнинг моҳияти фақат статистик натижаларда эмас. Уларни одамларнинг кундалик ҳаётида, ёшларнинг орзу-интилишларида, маҳалладаги муносабатларда, тадбиркорнинг ташаббусида, олимнинг изланишида, спортчининг ғалабасида кўриш мумкин.
Эътиборлиси, бугун Ўзбекистоннинг ютуқлари бутун минтақа учун умумий қувонч манбаига айланмоқда. Миллий футбол терма жамоамизнинг тарихда илк бор жаҳон чемпионатида иштирок этгани, шахматчи Жавоҳир Синдоровнинг Жаҳон кубоги соҳиби ва мусобақа тарихидаги энг ёш ғолиби бўлгани ҳамда бошқа муваффақиятларимиздан Марказий Осиё халқлари бирдек қувонди.
Минтақада қарор топаётган ана шундай бирдамлик ва ўзаро ишонч муҳити фақат спорт майдонларида эмас, давлатлараро муносабатларда ҳам ўз натижасини бермоқда. Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда узоқ йиллар давомида ҳал этилмай келган қатор тарихий масалаларнинг ўзаро келишув ва манфаатларни инобатга олиш асосида ечим топгани халқларимиз ўртасидаги бирдамлик, дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлади.
Шу билан бирга, юртимизнинг дунёга очилиши фақат чегаралар ва имкониятларнинг кенгайиши эмас, аввало, ўзлигимизни дунёга танитиш, турли халқлар билан ўзаро ишонч, ҳурмат ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш демакдир. Бугун Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, бой тарихи ва бетакрор маданияти, илм-фан ва таълим соҳасидаги ютуқлари, бунёдкорлик руҳи ҳамда халқимизнинг эзгу қадриятлари жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилмоқда.
Мана шундай туб ўзгаришларнинг яққол намунасини яқинда Хоразм вилоятида кузатиш мумкин бўлди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи ва тадбиркорлар билан ўтказилган олтинчи очиқ мулоқоти ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва ҳаётий натижаларини яна бир бор намоён этди. Давлатимиз раҳбари учрашув давомида кейинги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг аниқ натижалари ҳақида тўхталиб, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун яратилаётган имкониятларни янада кенгайтириш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди. Энг фаол ва илғор тадбиркорларнинг муносиб тақдирлангани эса мамлакатимизда ташаббускор, фидойи ва янгиликка интилувчан инсонларга бўлган юксак эътиборнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Шунингдек, учрашувда инсон эркинлиги ва тараққиётининг энг асосий шарти бўлган хотиржамлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, юртимизда ҳар бир инсоннинг хотиржамлиги, барқарор даромад манбаига эга бўлиши, муносиб меҳнат қилиши, фарзандларига сифатли таълим ва тарбия бериши, эртанги кунига ишонч билан қараши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай ёндашув замирида инсонни давлат сиёсатининг марказига қўйиш, унинг қадр-қимматини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам. Зеро, мамлакатнинг энг катта бойлиги – унинг табиий ресурслари эмас, балки билимли, бунёдкор, ўз кучига ишонган ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган инсонлардир.
Бу эзгу мақсадлар мустақилликнинг 35 йиллигини кенг нишонлаш жараёнида ҳам ўзининг маънавий ифодасини топмоқда. Республика бўйлаб ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасидаги маърифий учрашувлар ва маҳаллалардаги байрам тадбирлари халқимизни муштарак тарих, қадрият ва умумий келажак атрофида янада бирлаштирмоқда.
Айни пайтда юртимиз ичкарисида қарор топаётган ана шундай бирдамлик ва хотиржамлик муҳити ташқи сиёсатдаги очиқлик билан уйғун тарзда давом этмоқда. Бугун биз дунёга очилдик, дунёнинг ҳам бизга нисбатан ишончи ортмоқда. Энди асосий вазифамиз – очилаётган имкониятларни барқарор тараққиётга айлантириш ва ислоҳотлар самарасини ҳар бир маҳалла, оила ва инсон ҳаётида янада яққол ҳис қилдиришдир. Чунки ислоҳотларнинг ҳақиқий кучи қоғоздаги рақамларда эмас, одамлар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлади.
Зотан, биз Янги Ўзбекистонни ўз кучига ишонган, янгича фикрлайдиган, миллий қадриятларни асраб-авайлайдиган ва Ватан тақдирига дахлдор халқ билан барпо этмоқдамиз. Энг катта ютуғимиз айнан ана шунда.
Сабоҳат ЖУМАНИЁЗОВА,
Республика Маънавият ва маърифат
маркази ходими.
ЎзА