Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа
Навбаҳор туманидаги Карвон маҳалласи аҳолиси учун Мустақиллик байрами арафасида яна бир қувончли воқеа юз берди. Замонавий ва барча зарур шароитларга эга янги маҳалла биноси фойдаланишга топширилди.
Янги бинонинг очилиш маросимида маҳалла аҳли, фаоллар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тантанали тадбир давомида янги иншоотнинг рамзий лентаси кесилиб, маҳалла фуқароларининг ихтиёрига топширилди.
Мазкур бино “Баҳора Қурилиш” МЧЖ томонидан маҳалла бюджети ҳисобидан 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига қуриб битказилди.

Янги маҳалла биносида Мустақиллик байрами муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Байрам тадбирида юртимизда тинчлик ва осойишталикни асраш, маҳаллаларда ободлик ва фаровонликни таъминлаш, аҳоли билан яқин ҳамкорликда ишлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда маҳаллада ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол иштирок этган фуқаролар ҳам муносиб тақдирланди. “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли” ҳамда “Энг обод кўча” номинацияларида муносиб натижага эришганлар рағбатлантирилди.
Маҳалла аҳли учун байрамона концерт дастури намойиш этилди.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири