Мустақиллик байрами арафасидаги унутилмас саёҳат
Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида қалбларга қувонч, юзларга табассум улашадиган, инсон қадри ва меҳр-оқибатни яна бир бор намоён этадиган эзгу ташаббуслар тобора кенг қулоч ёзмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг турли қатламларига меҳр ва эътибор кўрсатиш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонлар ва болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ғоялар бугун ҳаётимизда амалий ифодасини топмоқда.
Ана шундай хайрли ташаббуслардан бири Бухоро вилояти божхона бошқармасига бириктирилган Бухоро шаҳридаги “Мурувват” интернет уйининг ногиронлиги бўлган тарбияланувчилари учун ташкил этилган саёҳатда яна бир бор ўз ифодасини топди.
Мустақиллик байрами арафасида интернат уйи тарбияланувчилари Бухоро шаҳридаги сўлим ва бетакрор “Varnet” эко боғига унутилмас саёҳат уюштиришди.

Табиат қўйнидаги ушбу гўзал масканга ташриф болажонлар учун оддий сайр эмас, балки қалбларида узоқ вақт сақланиб қоладиган қувончли хотираларга бой бир кунга айланди.
Эко боғнинг файзли муҳити, яшил манзаралари ва хушманзара гўшалари болажонларда катта таассурот уйғотди. Улар табиат бағрида сайр қилиб, турли кўнгилочар тадбирларда иштирок этдилар, бир-бирлари билан самимий мулоқотда бўлиб, мазмунли вақт ўтказди. Айниқса, болажонларнинг беғубор кулгиси, қувончдан порлаган кўзлари ва юзларидаги самимий табассум ушбу хайрли ташаббуснинг энг катта самараси бўлди. Зеро, баъзан бир оғиз илиқ сўз, бир лаҳза эътибор ёки самимий ғамхўрлик инсон қалбида катта из қолдиради. Болаларга бағишланган ана шундай қувончли лаҳзалар эса уларнинг дунёқараши, кайфияти ва эртанги кунга бўлган ишончига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.
Бугун мамлакатимизда “инсон қадри учун” деган эзгу тамойил ҳаётимизнинг барча жабҳаларида тобора чуқур қарор топмоқда. Бу тамойилнинг моҳияти фақат моддий ёрдам ёки ижтимоий кўмак кўрсатиш билангина чекланиб қолмай, ҳар бир инсонни эъзозлаш, унинг қалбига йўл топиш, қувончига шерик бўлиш ва ўзини жамиятнинг ажралмас бир қисми сифатида ҳис қилиши учун шароит яратишда намоён бўлади.

“Ягона Ватан, ягона халқ” деган тушунча ҳам, аввало, ана шу меҳр ва бирдамликдан куч олади. Зеро, Ватан бирлиги — умумий мақсадларда, халқ бирлиги — ўзаро меҳр-оқибатда, жамият тараққиёти эса инсонга бўлган эътиборда намоён бўлади. Шу маънода, “Мурувват” интернат уйи тарбияланувчилари учун ташкил этилган мазкур саёҳатнинг мазмун-моҳияти ниҳоятда теран. У болажонларга бир кунлик қувонч улашиш билан бирга, уларга “Сиз ҳамиша эътибор ва меҳр марказидасиз, сиз биз учун қадрлисиз” деган эзгу туйғуни ҳис эттирди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири