Мустақиллик байрами арафасида хавфсизлик ва жамоат тартиби изчил таъминланади
Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирининг самарадорлигини янада оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар вазири, фавқулодда вазиятлар вазири, Миллий гвардия қўмондони, шунингдек, мазкур тузилмаларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари иштирок этди.
Муҳокамаларда байрам тадбирлари давомида аҳоли хавфсизлигини ишончли таъминлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, хизмат кучлари ва воситаларини мақбул тақсимлаш ҳамда идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар атрофлича кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов мамлакат бўйлаб ўтказиладиган оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлашни энг устувор вазифалардан бири сифатида белгилади. Шу муносабат билан соҳавий хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактик ишларни кучайтириш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

«Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирининг 29 кунлик натижалари танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилди. Амалга оширилган ишлар самарадорлиги баҳоланиб, мавжуд камчиликларнинг сабаблари таҳлил этилди. Юқори натижага эришган раҳбарларни муносиб рағбатлантириш, хизмат вазифасига масъулиятсиз ёндашган мутасаддиларга нисбатан интизомий чоралар кўриш ҳамда профилактика ишларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ, «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбирининг иккинчи босқичи жорий йилнинг 15 август кунига қадар давом эттирилиши алоҳида таъкидланди. Бу даврда аҳоли осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактик тадбирлар қамровини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.
Миллий гвардия қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Тошматов байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар, истироҳат боғлари, хиёбонлар ҳамда аҳоли гавжум ҳудудларда хизматни кучайтирилган тартибда ташкил этиш, жамоат тартибини ишончли таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан белгиланган вазифаларга тўхталди.

Фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Азизбек Икромов эса байрам тадбирлари ўтказиладиган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, йирик бозорлар ва савдо мажмуаларида амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Видеоселектор йиғилишида айрим ҳудудларда аниқланган камчиликлар муҳокама қилинди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Сирдарё ва Жиззах вилояти ички ишлар бошқармалари ҳамда Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботлари тингланиб, камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш ва белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича аниқ талаблар қўйилди.
Йиғилиш якунида барча даражадаги раҳбарларга жамоат хавфсизлигини юқори савияда таъминлаш, ижро интизомига сўзсиз риоя қилиш, идоралараро ҳамкорликни янада кучайтириш ҳамда «Хавфсиз ва соғлом юрт» тадбири доирасида белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА