Мустақил ҳаётга оқ йўл!
Бугун эрта тонгдан Тошкент вилоятидаги 888 та умумтаълим мактабида “Сўнгги қўнғироқ” садолари янграб, 2023-2024 ўқув йилининг якунланганидан дарак берди.
Шу муносабат билан умумтаълим мактабларида “Илм –саодат калити” шиори асосида байрам тантаналари ўтказилди. Унда туман ва шаҳарлар ҳокимлари, секторлар, йирик корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, олий таълим муассасалари ректорлари, зиёлилар, ёзувчи ва шоирлар ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Жумладан, Ўрта Чирчиқ туманидаги 30-умумтаълим мактабида ташкил этилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида ҳам туман ҳокими Ихтиёр Қосимов, ҳудуд фаоллари, нуронийлар иштирок этди.

Тадбир аввалида мактаб битирувчиларига Президентимиз табриги ўқиб эшиттирилди. Катта ҳаёт остонасида турган ёшларга самимий тилаклар билдирилди. Мактаб ўқувчилари кўзларда ёш, юзларида севинч ила устозларига эҳтиром кўрсатиб, ўз миннатдорлигини билдирди.

Бу йил вилоятда 31 минг нафардан зиёд 11-синф битирувчиси мустақил ҳаётга қадам ташламоқда. 2023-2024 ўқув йилида ўқувчиларнинг 851 нафари олтин, 132 нафари кумуш медалларни қўлга киритади.
Айтиш мумкин, мазкур ўқувчиларнинг 69 нафари хорижий, 19 нафари эса юртимиздаги олий таълим муассасаларига муддатидан олдин талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.
А.Мусаев,ЎзА мухбири