Муқобил энергия қулай ва арзон
Андижонда қуёш панелларидан фойдаланиш ва унинг самарадорлиги, энергия тежовчи ресурслар натижадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 10 июнь куни қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодиёт тармоқлари, аҳолининг электр энергиясига тобора ортиб бораётган талабини қондиришда муқобил энергия ресурсларидан, хусусан, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва ташкилотларда муқобил энергия ресурсларидан фойдаланишни кўпайтириш юзасидан топшириқ ва вазифалар берилган эди.
[gallery-9823]
Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, сектор ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган йиғилишда вилоятда кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича олиб борилаётган ишлар, мазкур манбаларни “Яшил кредит” йўналиши асосида аҳоли хонадонларига ўрнатиш юзасидан ишлаб чиқилган режа ва чора-тадбирлар хусусида атрофлича сўз юритилди. Белгиланган чора-тадбирларга кўра, вилоятда ҳар бир хонадонга энергия сарфидан келиб чиқиб, зарур ҳажмдаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга муқобил энергия манбаларини ўрнатиш бўйича таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Бугунги кунда муқобил энергия ресурсларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш долзарб масалалардан биридир, – дейди вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов. – Ушбу жараён электр энергиясига нисбатан ортиб бораётган талабни қондириш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз энергия билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради. Қолаверса, экология мусаффолигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Айни пайтда вилоятдаги қатор корхона, ташкилот ва муассасаларда қуёш панелли ҳамда энергия ишлаб чиқарувчи бошқа муқобил энергия ускуналари ўрнатилаётганлиги қайд этилди. Йиғилишда муқобил энергия ишлаб чиқарувчи ускуналар “Яшил кредит” йўналиши асосида 5 йилгача муддатга, 6 ой имтиёзли давр билан берилиши айтиб ўтилди. Бундай манбаларни кўп қаватли уйларга умумий тарзда ўрнатиш йўлга қўйилиши белгилаб қўйилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),