Мукофот менга куч ва шижоат беради
Ўқитувчилик энг шарафли касблардан бири саналади. Ўқитувчи деганда энг аввало, кўз олдимизда бизга илм, ҳаёт йўлини кўрсатган улуғ сиймо гавдаланади. Шубҳасиз, ҳар бир инсон ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, ундан таълим, тарбия олади. Шу боис ҳам бугун юртимизда ўқитувчи, устоз ва мураббийларнинг шаъни, қадри юксалмоқда. Қолаверса, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан ана шу шарафли касб эгаларига юксак ҳурмат, эҳтиром кўрсатилмоқда. Машаққатли меҳнатлари эътироф этилиб, қадр топмоқда.
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан, таълим-тарбия тизимида фаолият юритаётган бир гуруҳ соҳа фидойилари турли унвон ва давлат мукофотлари билан тақдирланди. Улар орасида Андижон давлат университети профессори Салимахон Мирзаева ҳам бор.
Профессор Салимахон Мирзаева ўзбек тили ва адабиётшунослиги соҳасида юртимиздаги таниқли олималардан бири саналади. Айниқса, у фольклоршунослик соҳасида ўз илмий мактабини, ўз йўналишини ярата олган моҳир ва фидой педагогдир.
Қарийиб 40 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида олиманинг мамлакатимиздаги ва қатор хорижий нашрларда 100 дан зиёд илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинган, шунингдек, 10 та ўқув-услубий қўлланмаси, 2 та монографияси чоп этилган.
Унинг "Ўзбек халқ романтик достонлари поэтикаси", "Ўзбек халқ афсун дуоларининг жанр хусусиятлари ва бадиияти" номли монографиялари, "Ўзбек реалистик адабиётида фольклор анъаналари", "Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги адабиёти", "Навоий ва Бобур" сингари 20 дан зиёд ўқув-услубий қўлланмалари ўзбек адабиётшунослиги ва фольклоршунослиги ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган.
Устоз Салимахон Мирзаева соҳанинг етук ва тажрибали мутахассиси сифатида талабаларга таълим бериш билан бирга, кўплаб шогирдлар тайёрлаган бағрикенг олимадир. У фаолияти давомида жуда кўп тадқиқотчилар, ёш олимларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилди.
Ҳозирга қадар унинг илмий раҳбарлигида 1 нафар фан доктори, 1 нафар фан номзоди, 4 нафар фалсафа доктори етишиб чиқди. Яна кўплаб ёш мутахассислар ана шундай илмий даражаларни қўлга киритиш арафасида турибди.
Салимахон Мирзаеванинг меҳнатлари эътироф этилиб, у университет ректорати, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, вилоят ҳокимлигининг кўплаб фахрий ёрлиқ ва ташаккурномаларига, шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги" кўкрак нишонига сазовор бўлган
– Меҳнатларим эътироф этилиб, Президентимиз фармонига кўра, “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланганимдан беҳад хурсандман, – дейди С. Мирзаева. – Бундан кўнглим тоғдай кўтарилди. Қолаверса, мукофот менга куч ва шижоат беради, зиммамга улкан масъулият юклайди. Инсон қадр-қиммати, меҳнатлари улуғланадиган шу юрт равнақи, ёш авлодга таълим-тарбия бериш йўлида бундан буён ҳам астойдил меҳнат қиламан.
Дарҳақиқат, Салимахон Мирзаева сингари фидойи устоз ва мураббийларнинг меҳнати, самарали фаолияти ҳар қанча эътибор ва рағбатга муносибдир.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА