Муаммони бартараф эта оламиз
Жамият чаласавод мутахассисдан қанчалик азият чекиши мумкинлигини бугун бировга исботлашнинг кераги йўқ.
Жамият чаласавод мутахассисдан қанчалик азият чекиши мумкинлигини бугун бировга исботлашнинг кераги йўқ. Қўлида “дипломи” бор, олий таълимда 4 ёки 6 йил умри бекор ўтган киши қайси соҳа ёки тизимда бўлмасин, барибир наф келтирмайди. Аксинча, яхши ишлаши мумкин бўлган мутахассис ўрнини банд қилади, холос.
Жамиятда коррупцион вазиятни келтириб чиқарувчи иллатлар кўп бўлади. Булар муаммонинг асоси, негизи, яъни оқибатни келтириб чиқарувчи сабаблардир. Биз аввало ўша сабабларни тан олиб, уни йўқотишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Олий таълимга қабулни бу “иллат”дан тозалашга эришяпмиз. Қабул жараёнлари шаффоф, очиқ ва адолатли тарзда олиб бориляпти. Энди ўқув жараёнларидаги йиллар мобайнида шаклланиб бўлган “коррупцион схема”ни илдизи билан қуритишга ҳаракат қилишимиз керак. Давлат хизматчиси бўладими, олий таълим мутасаддиси ёки оддий фуқаро – бу жараёнларга ҳамма дахлдор. Мисол учун талаба айрим сабаб билан дарсга келмагач, етарлича ўзлаштиролмайди. Аммо баҳосини олиши керак. Қулай, одат тусига кирган “иш”ни қилади. Олий таълимдаги айрим “устозлар” (номига номуносиб!) шунга қўниккан. Демак, “қарс икки қўлдан чиқади”. Жамиятда ҳар ким ўз вазифасини бажариши керак, талаба ўқисин, устоз дарс берсин! (Бунинг учун унинг ўзи фанини яхши билиши керак.)
Президентимиз олий таълимга алоҳида эътибор қаратиб, профессор-ўқитувчиларнинг иш шароити, ойлик маошларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Бугун профессор, фан докторлари 7 миллион сўм, фан номзодлари ва доцентлар 6,5 миллион сўмдан, ассистентлар эса 4,5 миллион сўм ойлик маош олади. Ҳукумат қарори билан маошлар бир йил мобайнида 3 марта оширилди.
Хусусан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Икки йил тарихан қисқа муддат. Биздан жамият нимани кутяпти? Албатта, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария соҳаси бўйича билимли мутахассисларни. Бироқ йиллар мобайнида ҳимоя қилинган айрим магистрлик диссертациялари, бакалаврлик диплом ҳимояларида кўчирмакашликка йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланди. Малака амалиётлари шунчаки, хўжакўрсинга ўтказилганлиги ҳолатлари қайд этилмоқда. Бу жуда ачинарли! Раҳбарият, бошқарув тизими, яна кўп нарсалар ўзгаргани учун жамоада норозиликлар, турли юқори турувчи мутасадди ташкилотларга ёзув-чизувлар, мурожаатлар кўпайганини ҳам тан оламиз. Буни тўғри қабул қилишни ҳам ўргандик.
Нафақат олий таълим, балки жамият ҳаётининг барча жабҳаларини бу иллатдан тозалашга ҳаракат қиламиз. Бунга ҳаммамиз масъулмиз.
Худайназар ЮНУСОВ,
биология фанлари доктори,
профессор, Самарқанд ветеринария
медицинаси институти ректори.