Муаммолар депутат назоратига олинди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайланган округларида сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ва туман марказидан 9-10 километр узоқликда жойлашган Баҳористон маҳалласидаги 823 та хонадонда 4 минг 455 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳолисини асосан тоза ичимлик сув таъминоти қийнаб келади. Парламент депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров маҳалла фаоллари, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ҳудуд депутати билан учрашиб, асосий тармоқдан ички тармоққа сув тортиш хусусида фикр алмашди.
Шунингдек, мулоқотда ишсизликнинг олдини олиш, таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя масалалари муҳокама этилди. Ҳар бир масала юзасидан тегишли соҳа вакилларига зарурий кўрсатмалар берилди.

Президентимизнинг 2021 йил 10 июндаги “Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан давлат ҳусусий шерикчилик асосида кўплаб оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил қилинган ва қилинмоқда. Ўрганишлар давомида Анвархон Темиров "Пр.Т.М.Жалолов" номидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, бу ердан келиб тушган мурожаат асосида ҳолатни ўрганди.
Аниқланишича, боғчада тарбияланувчилар учун болалар майдончаси ташкил этиш, янги мебель жиҳозлари ташкил этиш учун имтиёзли кредит зарур. Мазкур масала туман молия бўлими ҳамда мактабгача таълим бўлими масъуллари билан муҳокама этилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Депутат мулоқот давомида янги иш ўринларини яратиш, аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш хусусида масъуллар билан фикр алмашиб, аҳоли томонидан кўтарилган муаммоларни маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ҳал этиш чораларини белгилаб олди.
Ўрганишларнинг навбатдаги манзили "Учқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Ушбу маҳалланинг Қирғизистон билан чегарадош “Дам” кўчасида 56 та хонадон бўлиб, бу жойда 11-сонли умумтаълим мактабининг филиали мавжуд. Эски шийпон ўрнида ташкил этилган мактаб филиалининг бугунги ҳолати депутат назаридан четда қолмади. Камчилик ва муаммолар ҳам туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими масъуллари билан атрофлича муҳокама этилди. Мазкур илм маскани жорий йилда туман маҳаллий бюджети ҳисобидан таъмирланиши белгиланди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА