Муқаддас қўшиғимиз
Инсон учун бу ёруғ дунёда муқаддас нарсалар унчалик кўп эмас.
10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Инсон учун бу ёруғ дунёда муқаддас нарсалар унчалик кўп эмас. Шулардан бири, энг каттаси Ватандир. Уни онанинг улуғлигига менгзаб она Ватан деймиз. Инсон туғилиб ўсган юрт, ота-боболари яшаган макон унинг Ватанидир. Одамзодга Ватанни танлаш имконияти берилмаган, у Яратганнинг инъомидир. Ватан фарзандлар учун она каби, ота каби муқаддасдир.
Қадимда турли номлар билан юритилган, бугун Ўзбекистон деган ном билан бутун дунё эътироф этаётган, жаҳон тан олаётган шу муқаддас замин сизу бизнинг Ватанимиздир. Бизнинг улуғ боболаримизни бутун олам билади. Уларнинг бири аллома бўлиб, бири жаҳонгир бўлиб, яна бири шоир бўлиб ер юзини забт этган. Ўтган аждодларимиздан бизга жуда катта маънавий ва маданий, моддий бойликлар мерос бўлиб қолган. Биз, бизнинг авлод мана шундай буюк халқнинг меросхўри, давомчиларидир.
Кимки бизнинг гапларимизга андак шубҳа билан қараётган бўлса, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз сўзларига ўхшатма қилиб айтамиз: бугун мустақил Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини, жадал бораётган ислоҳотларни, ёшларимиз илму фан, спорту санъатда эришаётган ёрқин муваффақиятларни бир келиб кўринг. Одамларимизнинг турмуш тарзида, ҳаётида содир бўлаётган, қалбида, руҳий оламида – маънавий дунёсида кечаётган жиддий ўзгаришларни англанг. Шунда ёшларимиз, бугунги авлод давлатимизнинг келажаги буюк, биз мана шу буюк ва қудратли давлатни барпо этамиз, ўз истеъдодимиз ва қобилиятимиз, интеллектуал салоҳиятимиз билан дунёни лол қолдирамиз, деган эзгу ниятни дилига жо қилиб меҳнат қилишаётганига амин бўласиз.
Ҳар бир мустақил давлат ўз рамзларига эга бўлади. Биринчи Президентимизнинг ташаббуси ва халқимизнинг хоҳиш-иродасига кўра, мамлакатимиз ўз мустақиллигини эълон қилгач, биринчи навбатда, ўз рамзлари – байроғи, герби, мадҳиясини қабул қилиш бўйича ишлар бошланди. Кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг 1992 йилнинг 10 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида” ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар ҳам мадҳиямизни ҳурмат қилиши лозим.
Бугун Ватанимизнинг бу муқаддас қўшиғи ҳар биримизнинг миллий ғуруримизга, фахру ифтихоримизга, ҳаётимизнинг ажралмас бир бўлагига айланиб, онгу қалбимиздан мустаҳкам жой эгаллади.
Миллий мадҳиямиз садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг давлат бошлиқларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимиз халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтда баралла янграмоқда.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган мадҳиямизда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка бўлган мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Мадҳиямизда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган. Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг, суверен Ўзбекистоннинг ёрқин келажаги учун амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, бунёдкорлик ва яратувчанлик руҳи унинг жарангдор мисралари замирида мужассам.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода мадҳиямиз ёшларимизда она Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етиши йўлида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳар тонг телеканалларимиз ўз кўрсатувларини шу муаззам қўшиқ билан бошлаб, тунда шу тарона билан якунлар экан, беихтиёр уни тингларкансиз, вужудингизга куч-қудрат энганини, юрагингиз ҳаприқаётганини сезасиз. Ҳа, мадҳиямизда инсонни сеҳрловчи, жунбишга келтирувчи соҳирий қудрат ва жозиба бор. У сизни бунёдкорликка, яратувчиликка ундайди, эзгу ишларга даъват этади. Уни тинглаганда ва ижро этганингизда қалбингизда шу улуғ ва муқаддас замин фарзанди эканлигингиздан бир дунё ғурур, фахр-ифтихор, шукроналик, буюк, жонажон Ватанимизга меҳр-муҳаббат туйғулари жўш уради.
– Дунёда Ватан ҳақида қўшиқлар кўп, мадҳиялар ҳам,– дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Комила Каромова. – Аммо бизнинг давлатимиз мадҳиясидек мукаммал, унинг куйидек сеҳрли оҳангни ҳали эшитганим йўқ. Мадҳиямизни ҳар гал тингларканман вужудимга титроқ киради, гуё осмонларга учиб кетаман. Беихтиёр лабларим пичирлаб, қўлимни кўксимга қўйиб, секин тебраниб бу қудратли ва муқаддас қўшиққа жўр бўламан:
... Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!