“Мотуридийнинг тафаккур дунёси” асарининг тақдимоти ўтказилди
Юртимизда олиб борилаётган оқилона ташқи сиёсат самараси ўлароқ, маънавий ришталар ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Айниқса, туркий давлатлар билан ўрнатилаётган бундай алоқалар келгуси ислоҳотлар учун янада улуғворлик бағишлаши шубҳасиз.
Шундай изчил ислоҳотларнинг амалий давоми ўлароқ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Туркия ва Ўзбекистоннинг маданий алоқаларида таржиманинг ўрни” мавзусидаги муҳим тадбир ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда мамлакатимизда бўлиб турган Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳам иштирок этди.

Учрашув доирасида Юнус Эмре институти томонидан ташкил этилган “Турк маданиятидан япроқлар” кўргазмаси билан танишилди.

Кўргазма орқали Туркиянинг бой маданияти, санъати ва адабий меросига оид намуналар намойиш этилди. Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири Туркиянинг ТЕДА дастури доирасида ўзбек тилига таржима қилинган “Мотуридийнинг тафаккур дунёси” асарининг тақдимоти бўлди.
-Бизни муштарак тарих ва маънавий қадриятлар бирлаштиради. Бугунги маданий мулоқот эса ана шу яқинликни келажак авлодларга етказишнинг муҳим воситасидир, - деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Ушбу тадбир талабаларнинг ҳам катта қизиқишига сабаб бўлди.
Шербек Исломов,
ЎзА