Миранда қоидаси Ўзбекистон қонунчилигида мавжудми?
Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
Қонун ва қоидалар инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя бўлиб, ҳар бир инсоннинг ўз фикрини эмин-эркин ифода қилишида, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этишида, ҳамманинг тенглигини таъминлаб, бурч ва масъулиятларини бажаришида бамисоли қалқон бўлиб хизмат қилади.
Конституциямизга кўра, барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт. Шу билан бирга, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.
Халқаро ҳуқуқда ва ҳар бир давлатда инсон ҳуқуқи ва эркинликлари, шахснинг суд ва тергов органларидаги ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган кўплаб тарихий ҳужжатлар қабул қилинган. Хусусан, АҚШ жиноят оламида ўзига хос жиноятларни содир этган Эрнест Артуро Миранда номи билан боғлиқ “Миранда қоидаси” ҳам ана шундай ҳужжатлар қаторига киради.
Гап шундаки, АҚШнинг Аризона штати полицияси ашаддий жиноятчи Э.Мирандани 1966 йили бир неча оғир жиноятни содир этганликда гумон қилиб, ҳибсга олган. Унга сўроқ қилинишдан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари тушунтирилмаган.
Шу боис, Э.Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда, айбига иқрорлик кўрсатувларини берган. Бу кўрсатувлардан эса унинг иқрорлигига исбот сифатида фойдаланилган. Бунинг оқибатида Э.Миранда судланган ва ҳукм этилган.
Кейинчалик Э.Миранданинг 73 ёшли адвокати Элвин Мур томонидан АҚШ Олий судига шикоят тақдим этилган. Натижада, Э.Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмаганлиги сабабли суднинг бу ҳукми АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган.
Суд қарори туфайли юзага келган мазкур юридик норма дастлаб АҚШ суд амалиётида “Миранда ҳуқуқлари” деб юритилган. Сўнг эса халқаро ҳуқуқда “Миранда қоидаси” номини олган.
“Миранда қоидаси” талабига кўра, эндиликда ҳибсга олинган шахсга у сўроқ қилинишидан олдин гумонланувчи сифатидаги ҳуқуқлари қуйидаги мазмунда тушунтирилади.
Яъни: “Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Сиз айтганларнинг ҳаммаси судда ўзингизга қарши фойдаланилиши мумкин. Сўроқ жараёнида адвокатингиз қатнашиши мумкин. Агар адвокат хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмасангиз, давлат томонидан адвокат билан таъминланасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?”
Ўз навбатида, “Миранда қоидаси” Ўзбекистон жиноят-процессуал қонунчилигида қандай акс этган, деган савол туғилиши табиий. Бу ҳақда фикр юритганда, биринчидан, сукут сақлаш ҳуқуқи ҳақида тўхталиш лозим.
Амалдаги Жиноят-процессуал кодекснинг 23-моддасига мувофиқ, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас. Бошқача айтганда, миллий қонунчилигимизда сукут сақлаш ёки ҳеч қандай кўрсатма бермаслик ҳуқуқи айбсизлик презумпцияси тамойилига асосланган.
Сукут сақлаш ҳуқуқи, яъни ўзига нисбатан қўйилган гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар беришдан бош тортиш ҳуқуқи Жиноят-процессуал кодекснинг 48-моддасида қатъий кафолатланган.
Ушбу модда талабига кўра, гумон қилинувчи зиммасига кўрсатув бериш, шунингдек ўзининг жиноятга алоқадор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмас.
Иккинчидан, миллий қонунчилигимизда мустаҳкамланган шахс томонидан айтилган ҳар бир сўз ёки хатти-ҳаракат судда унга қарши ишлатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилиш ҳуқуқи билан “Миранда қоидаси” мазмунан ўзаро яқиндир.
Жиноят-процессуал кодекснинг 46-моддасига асосан, шахс ўзининг кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида унинг ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиши ва нимада айбланаётганлигини билиш ҳуқуқига эгадир. Шунингдек, мазкур моддада шахсга ўзининг айбдор эмаслигини ёки ишнинг бошқа бирор ҳолатларини исботлаш мажбурияти юкланиши мумкин эмаслиги кафолатланган.
Кодекснинг 46 ва 48-моддаларига кўра, шахс, яъни айбланувчи ёки гумондор ўзига қўйилган айблов ё гумон хусусида ҳамда ишнинг бошқа ҳар қандай ҳолатлари тўғрисида кўрсатувлар бериш ёхуд кўрсатувлар беришдан бош тортишга ҳақлидир. Шунингдек, у кўрсатувларидан жиноят ишига доир далиллар сифатида ўзига қарши фойдаланилиши мумкинлиги ҳақида хабардор бўлиш ҳуқуқига эга.
Учинчидан, миллий қонунчилигимизда кафолатланган адвокатга мурожаат қилиш ҳуқуқи билан “Миранда қоидаси” ўртасида ҳам ўзаро ўхшашлик мавжуд.
Жиноят-процессуал кодекснинг 46-моддасига мувофиқ, шахс ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилганлиги тўғрисидаги қарор унга маълум қилинган пайтдан бошлаб ҳимоячига эга бўлиш ҳамда учрашувларнинг сони ва давом этиш вақти чекланмаган ҳолда у билан холи учрашиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Тўртинчидан, миллий қонунчилигимизда ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахсга ўз адвокатига ёки яқинларига бир марта қўнғироқ қилиш имкони берилиши кафолатланган.
Жиноят-процессуал кодекснинг 48-моддасига мувофиқ, шахс қамоққа олинганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга телефон орқали қўнғироқ қилиш ёхуд хабар бериш, шунингдек ҳимоячига эга бўлиш ҳуқуқига эга.
Бешинчидан, миллий қонунчилигимиз талабига асосан, агар ушланган ёки гумон қилинувчи деб эътироф этилган шахснинг адвокат ёллашга имконияти бўлмаса, у давлат томонидан адвокат тайинланиши ҳуқуқидан фойдаланади.
Жиноят-процессуал кодекснинг 50-моддасига биноан, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг илтимосига кўра суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлайди.
Шунингдек, улар бу шахсни юридик ёрдам учун тўловдан батамом ёки қисман озод этишга ҳақлидир. Бундай ҳолларда адвокат меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат ҳисобидан қопланади.
Бошқача айтганда, "Миранда қоидаси" Ўзбекистоннинг амалдаги жиноят-процессуал қонунчилигида тўлалигича акс этган. Бу, ўз навбатида, жиноят содир этишда гумонланган ёки айбланган шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини поймол қилмаслик имконини беради.
Шунингдек, бундай шахсларнинг ҳимояга бўлган ҳуқуқи улар ушланган пайтдан бошлаб таъминланади. Натижада буларнинг барчаси тергов-суд жараёнларидаги процессуал ҳаракатларнинг сифат даражаси янада ошишига ва инсон ҳуқуқларни сўзсиз таъминланишига хизмат қилади.
Акром Арипов,
Олий суд катта консультанти.