Минтақа Ўзбекистоннинг сув тежашдаги ислоҳотларини ўрганмоқда
Мамлакатимизда аграр тармоқни ривожлантириш, сув ресурсларини тежаш ва ишлаб чиқаришга инновацион технологияларни олиб кириш борасида шаклланган тажриба халқаро майдонда тақдим этилмоқда.
Тошкентда ташкил этилган халқаро ўқув-амалий дастур иштирокчилари бир ҳафта давомида соҳадаги ислоҳотлар билан танишиб, уларнинг амалий натижаларини жойларда кўриш имконига эга бўлмоқда.
Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан келган 30 нафар раҳбар ва мутахассисни бирлаштирган "AgroWater Management" дастури кунлари ўтказилмоқда. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари ҳамда "Агробанк" ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Дастурнинг муҳим мавзуларидан бири эса сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. Очилиш маросимида сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев мамлакатдаги суғориладиган ерлар ва сув ресурсларидан фойдаланиш кўрсаткичларига тўхталиб, сувни тежаш аграр сиёсатнинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини қайд этди.

Бугун республикадаги 4,3 миллион гектар суғориладиган ернинг 2,8 миллион гектарида сув тежовчи технологиялар ишлатилмоқда. Келгуси режаларга кўра, бундай майдонлар 3,5 миллион гектарга, томчилатиб суғориш тизимлари эса 853 минг гектарга етказилади. Ирригация объектларини модернизация қилиш, насос станцияларида муқобил энергиядан фойдаланиш ва сув ҳисобини рақамлаштириш орқали ҳар йили камида 11 миллиард куб метр сувни тежаш кўзда тутилган.
Хорижий делегация учун Ўзбекистон тажрибаси фақат ирригация тизими билан чекланмади. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида меҳмонлар "Horrot Fish House" балиқчилик кластери фаолиятини кўздан кечирди. Бу ерда улар интенсив усулда балиқ етиштириш, сунъий ҳавзалардан фойдаланиш ва сув айланишини таъминловчи тизимларнинг ишлаш жараёни билан танишди.
60 миллиард сўмлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаси 264 гектар майдонни қамраб олган. Унда 45 та сув ҳавзаси реконструкция қилинган, Эрон технологиялари асосида 300 та интенсив бассейн ташкил этилган. Шунингдек, хўжаликда осётр балиғини саноат миқёсида етиштириш йўлга қўйилган. Балиқчилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган технологиянинг амалиётга татбиқ этилгани мазкур лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан биридир.

Меҳмонларга институт директори Абдулла Қурбонов тармоқдаги илмий изланишлар ва уларнинг ишлаб чиқаришдаги аҳамияти ҳақида маълумот берди.
Ташрифлар дастури балиқчилик кластери билан тугамайди. Иштирокчилар "Сувчилар мактаби", агрохизматлар, илмий лабораториялар, фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам бўлади. Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги объектларда улар сувни тежаш, ирригация тармоқларини такомиллаштириш ва аграр ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш бўйича ечимларни ўрганади.
Дастурнинг аҳамияти шундаки, иштирокчилар Ўзбекистондаги ислоҳотларни фақат тақдимотлар орқали эмас, балки бевосита ишлаб чиқариш жараёнлари мисолида баҳолаш имконига эга бўлмоқда. Бу эса тўпланган тажрибани бошқа мамлакатларда қўллаш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва минтақада сув ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган умумий ечимларни ишлаб чиқиш учун замин яратади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА