Минерал ўғитларнинг сифати қай тарзда синовдан ўтказилади?
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинова соҳага тегишли маълумотларни тақдим этди.
Республика агрокимёвий таҳлил марказининг асосий вазифалари тупроқ агрокимёвий таҳлилини ўтказиш, агрокимёвий хаританомалар ишлаб чиқиш, минерал ўғитларга бўлган илмий талабни аниқлаш, минерал ўғитлар ва пестицидлар сифатини аниқлаш, уларни табақалаштирилган ҳолда қўллаш, тупроқ таркибида ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида пестицид, нитрат ва оғир металл тузлар қолдиқ миқдорини, радионуклидларнинг тарқалиш даражасини назорат қилишдан иборат.
Қайд этилишича, бугунги кунда агрокимёвий таҳлил марказида 4 йўналишдаги лабораториялар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, тупроқ, минерал ўғит, токсикологик ва радиологик назорат таҳлиллари йўналишида текширувлар олиб борилади. Республиканинг суғориладиган 3,6 миллион гектар майдони бўлиб, уларнинг барчасини агрокимёвий таҳлилдан ўтказиш лозим. Ўтган 2022 йилда 900 минг гектарга яқин экин майдонларининг агрокимёвий харитаси тайёрланган бўлса, жорий йилда яна 300 минг гектар ерларнинг агрокимёвий таҳлили ўтказилди.
Тупроқ агрокимёвий таҳлили экин мавсумидан олдин ёки ҳосил йиғиб олингандан кейин амалга оширилади. Тупроқнинг агрокимёвий таҳлили 4 йилда 1 маротаба ўтказилади. Суғориладиган майдонларда ўзгарувчан азот, алмашувчан калий ва фосфорнинг бирикмалари ўзгаргани боис бундай ерларда таҳлилларни ҳар йили амалга ошириш мақсадга мувофиқ.
Минерал ўғитларнинг сифати ҳам Агрокимёвий таҳлил маркази лабораториясида синовдан ўтказилади. Сабаби бугунги кунда қалбаки ёрлиқлар билан республика ҳудудига олиб кирилаётган маҳсулотлар аниқланмоқда. Мисол учун, Божхона қўмитаси Қашқадарё бошқармаси аризасига асосан Қашқадарё вилояти агрокмиёвий таҳлил бўлинмаси томонидан 2 йил давомида 31 та ҳолатда республикага қалбаки минерал ўғит олиб кирилгани ҳолатлари аниқланган. Бундай минерал ўғитларнинг 80-90 фоизи гипс моддасидан иборат, сурункали қўлланилганда тупроқда тўпланиб боради ва тупроқнинг сув ўтказувчанлиги, иссиқлик, ҳаво алмашинувига салбий таъсир қилиб, структурасини бузади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги тизимидаги мазкур йўналишни рақамлаштириш мақсадида махсус “Uzagrolab.uz” платформаси яратилди. Онлайн платформанинг қатор афзалликлари бор. Мазкур дастур орқали ер эгалари таҳлил натижалари билан танишишлари мумкин. Контурлар кесимида агрокимёвий хаританомалар тайёрланиб, тупроқ агрокимёвий таҳлиллар ва хаританомалар мониторинги олиб борилади.
Ҳозирги кунга қадар ҳудудлардаги 800 минг гектар майдон бўйича маълумотлар базага киритилган. Соҳада фаолият юритаётган ҳусусий секторнинг таҳлил натижалари ҳам платформага доимий равишда киритилиб, маълумотлар базаси кенгайиб бормоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА