Миллий ва оилавий қадриятларга зид рекламалар юзасидан тегишли чоралар кўрилди
Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги қонуни 16-моддасига асосан рекламада миллий ва оилавий анъаналарга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид бўлган шакллар, ибора ва образлардан фойдаланиш тақиқланади.
Мазкур ҳужжат нормалари рекламанинг маданиятли бўлиши ва миллий қадриятларни ҳурмат қилишини таъминлашга хизмат қилади. Бундай ҳолатлар кузатилганида уни бартараф этишда тартибга солувчи ташкилотлар билан бирга, албатта, жамоатчилик назоратининг ўрни юқори.
Кийим-кечак дўкони ҳамда меҳмонхоналарнинг рекламаси одоб-ахлоқ меъёрларига мос келмайдиган тарзда жойланиб, миллий ва оилавий қадриятларга зид образ ва иборалар қўлланилиши ҳолатлари учраб туради ва бу жамоатчилик томонидан кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлади.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, “aykous_sekret”, “dom_penyuar”, “shiray shop”, “nargizem_shop” ва “arzon hostel” Instagram саҳифаларида жойлаштирилган реклама роликларининг мазмуни ва унда тасвирланган ҳолатлар ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид эканлиги қайд этилган.
Қўмита томонидан “aykous_sekret” ҳамда “dom_penyuar” кийим-кечак савдо дўконларининг расмий юритувчиларига нисбатан қонун бузилиши ҳолати юзасидан “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларини бузгани учун белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, якунлари бўйича молиявий жарималар қўлланилди.
Шунингдек, “shiray shop”, “nargizem_shop” ва “arzon hostel” Instagram саҳифаларида жойлаштирилган реклама роликларининг мазмуни ва унда тасвирланган ҳолатлар ахлоқ ва маънавиятнинг умум қабул қилинган нормаларига зид эканлиги сабабли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда суд органларига юборилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА