Миллий театр янги мавсумни бошлади
Ўзбек миллий академик драма театри 106-мавсумини “Жалолиддин Мангуберди” спектакли билан бошлади.
Ўзбек миллий академик драма театри 106-мавсумини “Жалолиддин Мангуберди” спектакли билан бошлади.
Спектаклни истеъдодли театр режиссёри Асқар Холмўминов саҳналаштирган. Пьеса муаллифи – Назар Эшонқул.
Мавсум очилишига бағишланган тадбирда маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров, Ўзбекистон Республикаси Театр арбоблари уюшмаси раиси Ёқуб Аҳмедов, устоз санъаткорлар, Миллий академик драма театри директори Ёдгор Саъдиев янги мавсум бошланиши билан томошабинларни қутлади.
– Мавсумни ҳам бошлаб олдик, – дейди театр директори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев.- Халқ театрни соғинган экан. Залимизга одамлар сиғмай қолди. Пандемия бизнинг жамоамизга ҳам йўқотишлар келтирди. 50 йил шу театр саҳнасида рол ижро этган Дилбар Икромова, укаларим, яқин ҳамкасбларим Фатхулла Маъсудов ва Абдурайим Абдуваҳобовларнинг ёрқин хотиралари доимо ёдимизда қолади.
– Спектакл улуғ аждодимиз, миллатимиз фахри бўлмиш Жалолиддин Мангубердининг мардонавор ҳаёти ҳақида бўлиб, қўлимиздан келганча тарихни саҳнада жонлантиришга ҳаракат қилдик , – дейди спектакл режиссёри Асқар Холмўминов. – Жалолиддин Мангуберди образи орқали асл ватанпарварлик қандай бўлишини кўрсатиш вазифасини мақсад қилиб қўйгандик. Отага ҳурмат, юртни севиш ҳиссини томошабинга етказишга интилдик. Ўйлайманки, асар томошабинларга маъқул бўлади.
Миллий академик драма театрининг кейинги репертуарларидан ҳам халқимизга манзур бўладиган ранг-баранг спектакллар ўрин олган.


