Миллий спортимиз курашни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуман
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўзбек миллий спорти - курашнинг халқаро нуфузини илмий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган “Кураш спортини ривожлантиришнинг назарий-амалий аспектлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бошланди.
Анжуманнинг очилиш маросимида спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Тожиев, Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Муҳаммад Ризо Нассири ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этиб, курашнинг глобал миқёсда оммалашуви, мураббийлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Спорт соҳасининг етакчи олимлари билан бир қаторда 30 дан зиёд халқаро мутахассислар иштирок этаётган анжуманда кураш мураббийларига халқаро Б2 тоифали лицензия учун мўлжалланган уч ойлик онлайн курснинг бир ҳафталик амалий машғулотлари бошлангани, бу малакали кураш мутахассисларини тайёрлашга қаратилгани таъкидланди.

Жанубий Корея, Мальта, Италия, Хитой Тайпейи каби давлатлардан келган экспертлар курашнинг замонавий биомеханикаси, спортчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатини 3D технологиялари ёрдамида таҳлил қилиш, шунингдек, кураш педагогикасининг ижтимоий аҳамиятига оид илмий ёндашувлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Миллий спортимиз курашни илмий асосда ривожлантириш, инновацион технологияларни амалиётга жорий этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим платформа вазифасини ўтайдиган анжуман ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттирмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА