Миллий қадриятлар тарғиботчиси, жўмард адибанинг янги китоби
Истиқлол йилларида миллий анъана ва қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бебаҳо маънавий меросимизнинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга безавол етказиш ҳамда бу борада илмий-маърифий тадқиқотлар олиб бориш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида «Шарқ» нашриётида таниқли ёзувчи, филология фанлари доктори Гулжаҳон Мардонованинг «Кўкка учган тулпорлар» романи нашр этилди.
Ушбу асар муаллифнинг кўп йиллик ижодий ва илмий изланишлари маҳсули бўлиб, унда Қашқадарё вилоятининг олис қишлоқлари аҳолиси турмуш тарзи, халқимизнинг қадимий анъаналарига содиқ жўмард чавандозлар ҳаёти, уларнинг миллий озодлик йўлидаги жасорати ва адолатсизликка қарши кураши бадиий маҳорат билан тасвирланган. Асар адабиёт ихлосмандлари ва кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган. Китобга устоз ижодкор ва ношир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Аҳрор Аҳмедов муҳаррирлик қилган.
Гулжаҳон Мардонова – ўзбек адабиёти, журналистикаси ва фольклоршунослигида муносиб ўрин эгаллаган истеъдодли адиба, олима ва журналистдир. У Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида туғилиб, вояга етган. Ижодкор ўзининг илмий ва бадиий фаолияти орқали халқ оғзаки ижоди дурдоналарини ўрганиш, миллий қадриятларни асраш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Адибанинг ижодий фаолияти серқирра бўлиб, у наср, фольклоршунослик, этнопедагогика ва публицистика соҳаларида самарали меҳнат қилмоқда. Унинг «Нур тўла уй» китоби Европа ва Россиянинг қатор нуфузли кутубхоналари фондларидан муносиб ўрин олган. Яқинда эса у ўзининг янги «Кўкка учган тулпорлар» романини китобхонлар эътиборига ҳавола қилди.

Гулжаҳон опа наинки истеъдодли ёзувчи, балки мукаммал илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчи олима ҳамдир. У ўзбек халқ аллалари ва жаҳон халқлари оналари куйлайдиган аллаларни қиёсий ўрганиб, уларнинг ижтимоий-психологик хусусиятлари ҳамда тарбиявий аҳамиятини илмий асослаб берган. Адиба тўплаган ва тадқиқ этган фольклор намуналари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ҳоди Зарифов номидаги Фольклор архивига қимматли манба сифатида топширилган.
Муаллиф ҳали 1980 йиллар охиридаёқ «Алпомишни билган борми!» публицистик мақоласи орқали ёш авлод тарбиясида миллий қаҳрамонлик эпослари ва халқ эртакларининг ўрни беқиёс эканини дадил илгари сурган. Унинг асарлари негизида миллий ўзликни англаш, ўзбекона турмуш тарзи ва халқона фалсафани асраб-авайлаш ғояси мужассам.
Гулжаҳон Мардонова бадиий асарларида ўзбек аёли ва онаси сиймосини юксак маҳорат билан тасвирлаш баробарида, ота образини ҳам меҳр-муҳаббат ва ҳурмат билан яратади. Унинг талқинида ота – оиланинг таянчи, фарзандларга ҳаёт сабоғини берувчи, доно, сабрли ва камтар инсон тимсоли. Ёзувчи ота ва она образларини қарама-қарши қўймай, балки миллий оилавий қадриятларга хос уйғунликда гавдалантиради.

Ижодкор фақат қалами билан эмас, амалий ишлари билан ҳам миллий маърифат ривожига ҳисса қўшмоқда. У ўз маблағлари ҳисобидан чекка қишлоқлардаги иқтидорли ёшлар ва фидойи устозларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус мукофотлар таъсис этган. Бу эса унинг эл-юрт равнақига садоқат билан хизмат қилаётган маърифатпарвар инсон эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Гулжаҳон Мардонованинг ижоди илмий теранлик ва бадиий маҳорат уйғунлигининг ёрқин намунасидир. У ўзбек адабиётида миллий руҳ, халқ оғзаки ижоди анъаналари ва замонавий бадиий тафаккурни муваффақиятли уйғунлаштирган бетакрор ижодкорлардан бири сифатида эътироф этилади.
Н.Усмонова, ЎзА