Миллий ўзлик, инсон қадри ва халқ фаровонлиги — 35 йиллик мустақил тараққиёт мезонлари
Ички ишлар вазирлигида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғояларга бағишланган ўқув-семинари ўтказилди.
Унда вазирлик раҳбарияти, таклиф этилган меҳмонлар ва шахсий таркиб вакиллари иштирок этди. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, шунингдек, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ходимлари тадбирда видеоконференц-алоқа орқали қатнашди.
Семинар аввалида янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат тараққиётининг бугунги босқичи ҳамда инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ўзгаришлар ҳақида видеоролик намойиш этилди.

Тадбир давомида мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар, миллий давлатчилик асосларининг мустаҳкамланиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар хусусида фикр юритилди.
Фалсафа фанлари доктори, профессор Жалолиддин Юсупов «Уч минг йиллик илдиз ва Учинчи Ренессанс: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос» мавзусида маъруза қилди. Унда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, бой маънавий мероси ва миллий қадриятлари бугунги тараққиёт жараёнларида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Профессор Зебо Қосимова «Инсон қадри 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови: эркинлик, билим, соғлиқ ва ёшлар» мавзусидаги маърузасида инсон манфаатларини таъминлаш, ёш авлоднинг билим олиши, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган шароитларга тўхталди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, социология фанлари доктори, профессор Сухроб Хидиров «Миллий юксалиш ўн йиллиги: етти миллий дастур яхлит тизим сифатида ва нутқнинг бош ғоялари» мавзусида сўз юритди. Маърузада мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари, белгиланган вазифалар ва уларни ҳаётга татбиқ этишда жамиятнинг фаол иштироки масалаларига эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган «Ўзбек келяпти» видеоклипи намойиш этилди.
Семинар якунида давлатимиз раҳбарининг байрам нутқида илгари сурилган ғояларни ички ишлар органлари шахсий таркибига чуқур етказиш, ходимларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, миллий ғурур ва юксак маънавий масъулиятини янада ошириш муҳим вазифалардан экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, мустақилликнинг 35 йиллик даври мамлакатимиз ҳаётида туб ўзгаришлар ва янгиланишлар даври бўлди. Бу йиллар миллий давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш, халқ фаровонлигини ошириш ва янги Ўзбекистон тараққиёти учун мустаҳкам замин яратиш билан чамбарчас боғлиқ.
Бугунги ислоҳотларнинг самараси ва эртанги тараққиёт эса Ватан тақдирига дахлдорликни чуқур ҳис этадиган, билимли, фидойи ва юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш билан узвий боғлиқ.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА