Миллий маънавиятимиз даҳоси
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида 9 февраль куни “Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро конфренция бўлиб ўтди.
Тадбирда Қуролли Кучлар академияси профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот институтлари ходимлари, навоийшунос олимлар, Туркия ва Хитойдан келиб мамлакатимиз олий ўқув юртларида дарс бераётган мутахассислар иштирок этди.
Улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг бой маънавий мероси асрлар оша башариятни ҳайратга солиб, инсонлар қалбига, онгу шуурига эзгулик, вафо, гўзал хулқ, сахийлик, инсонпарварлик, саховат, меҳр-мурувват зиёсини таратиб келмоқда.
[gallery-1095]
Навоий ҳаётига назар солсак, нақадар ибратли умр кўрганига гувоҳ бўламиз. Шоирнинг ҳар бир асарида инсонларни эзгуликка чорловчи улуғ ғоялар мужассам. У зот шоир ва давлат арбоби сифатида ўзбек давлатчилиги, адабиёт, маънавият ва маърифат, тилшунослик равнақига беқиёс ҳисса қўшган.
– Алишер Навоий ижоди бебаҳо хазинадир. Унинг адабий мероси ва ҳаёт йўли барчамиз учун ибрат мактаби бўлиб қолади, – деди Тошкент давлат шарқшунослик университети Эрон-афғон филологияси кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори Аҳмаджон Қуронбеков. – Шундай экан, улуғ зотнинг меросини қадрламоқ, қунт билан ўрганмоқ, унга муносиб авлод бўлмоқ бизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бугунги кунда Қуролли Кучлар ва академия раҳбарияти асосий эътиборни Ватанимиз учун етук малакали офицер кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашга қаратмоқда. Бунинг учун Навоийнинг мардлик, инсонийлик ва ватанпарварлик ғоялари тараннум этилган адабий меросини ўрганиш ғоят муҳим.
Конференцияда навоийшунос олимлар ва адабиётшуносларнинг “Навоий қитъаларида ҳусну хулқ масаласи”, “Жоме луғат – Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш калити”, “Турк дунёсининг билимдони Алишер Навоий”, “Навоий ижодини Туркияда ўрганиш”, “Алишер Навоий миллий маънавиятимиз даҳоси” мавзуларида маърузалари тингланди.
Конференция иштирокчилари ҳазрат Навоий меросини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган тадқиқотлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот олди.
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА мухбири