Миллатлараро тотувлик энг катта бойлик
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали “Ветеринария ва зооинженерия” факультети ташаббуси билан “Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик юрти” мавзусида тадбир ўтказилди.
Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан ўтказилган тадбирда филиал директори Адилбай Есимбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, бутун дунёда белгиланиши анъанага айланган ушбу сананинг муҳим аҳамияти, диний бағрикенглик халқимизга азалдан хос бўлган эзгу фазилат эканлиги, талаба-ёшлар юртимизда турли миллат вакилларининг ҳамжиҳатликда турмуш кечираётганлиги ва миллатлараро тотувлик аҳил ва иноқ бўлиб яшашимиз учун замин яратиб беришини қалбан англаб етиши лозимлиги ҳақида алоҳида тўхталди.

Тадбир давомида талаба-ёшлар ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, туркман, рус ва корейс сингари турли миллат вакилларининг урф-одатларини акс эттирган ҳолда либослар кўргазмасини ташкил этди. Ушбу 6 миллатнинг ўзига хос анъаналари ва миллий урф-одати тўғрисида қизиқарли маълумотлар берилди.
Тадбир учун тайёрланган концерт дастурида эса ҳар бир миллатнинг миллий куй ва қўшиқлари, рақслари намойиш этилди. Гўзал қизларнинг саҳнада турли миллат вакилларининг миллий либосларида кўриниш бериши, ҳар бир томошабинга ўзгача завқ бағишлади ва чин маънода халқаро бағрикенглик муҳити яратилди.
Албатта, бундай тадбирларни ташкил этиш орқали талаба-ёшларнинг миллий ва умуминсоний қадриятларга бўлган ҳурматини янада ошириш, юртимизда яшаб келаётган турли элат вакиллари ҳамжиҳатлигини кенг тарғиб қилишдек эзгу мақсад кўзланган.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири