Миллат она тили билан тирик
1989 йилнинг 21 октябрь куни Ватанимизда давлат тилининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича “Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унга кўра Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди.
Шунингдек, 2020 йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Қонунга асосан, 21 октябрь “Ўзбек тили байрами куни” этиб белгиланган.

Ушбу сана муносабати билан прокуратура органлари ходимлари ўртасида анъанавий республика танлови ўтказиб келинмоқда. Жорий йилги танлов “Миллат она тили билан тирикдир!” шиори остида ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасида танловнинг ҳудудий босқичи доирасида “Тизимли-таҳлилий иш”, “Саводхонлик” ва “Шеърият” йўналишлари бўйича беллашувлар ўтказилди. Иштирокчилар ҳар бир йўналиш бўйича ўз билим ва салоҳиятини намоён этиб, таҳлилий фикрлаш, саводхонлик ва ижодий ёндашувларини намойиш этдилар. Ҳайъат аъзолари томонидан иштирокчилар белгиланган баҳолаш мезонлари асосида холисона кўриб чиқилди.

Танлов якунига бағишланган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов сўзга чиқиб, давлат тилини асраб-авайлаш ва унинг нуфузини юксалтириш ҳар бир ходимнинг муҳим вазифаларидан бири эканини таъкидлади.
Ғолиб ва совриндорлар махсус диплом, пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири