Миллат маънавий қиёфасининг кўзгуси
15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни
Мамлакатимизда 15 апрелни Маданият ва санъат ходимлари куни сифатида нишонлаш яхши анъанага айланди. Инсон бор экан, бадиий баркамол асарга, яхши қўшиққа, мукаммал санъат асарига барибир эҳтиёж сезади.
Президентимизнинг Ўзбекистон маданият ва санъат ходимларига байрам табриги ушбу сананинг мамлакатимиз маданий-маърифий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти нечоғли улкан эканини англатади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги ўн йил давомида соҳани ривожлантириш бўйича кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Мавжудлари янада такомиллаштирилди. Кўплаб замонавий мусиқа ва санъат мактаблари, маърифат масканлари қад ростламоқда.
Мақом, бахшичилик, опера ва балет, миллий хореография санъати йўналишида янги ташаббуслар илгари сурилди.

Мллий анъана ва қадриятларимизни ёш авлодга тўлақонли етказиш мақсадида Ўзбек миллий мақом санъати ва Республика Бахшичилик санъати марказлари, ҳудудларда намунавий мақом ва бахшичилик ансамбллари ташкил этилди. Ўзбекистон давлат филармонияси, “Баҳор” давлат рақс ансамбли, Андижонда ёшлар симфоник оркестри ва Фарғонада миллий симфоник оркестрлари фаолияти йўлга қўйилди. Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти, Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти каби янги олий таълим муассасалари ташкил қилинди.

Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби Ўзбекистон давлат хореография академияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг Урганч филиали ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиаллари ташкил этилди. Урганч, Бухоро, Фарғона шаҳрида мақом санъатига, Термиз шаҳрида бахшичилик санъатига, Нукус шаҳрида опера санъатига, Урганч, Қарши, Бухоро шаҳрида рақс санъатига ихтисослаштирилган мактаб интернатлари ҳамда Андижонда Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби фаолияти йўлга қўйилди.
Драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги мукофот, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот, истеъдодли ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада мукофоти, маҳаллий ҳамда хорижий ижодкор ва зиёлиларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида “Келажак мероси” халқаро мукофотлари таъсис этилди.
Маданият ва санъат соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Маданият муассасалари инфратузилмасини яхшилаш, замонавий техник восита ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ижодий жамоалар учун муносиб шароитлар яратишга оид чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг маданият ва санъат соҳасидаги хорижий давлатлар билан ҳамкорлиги сўнгги 5 йил давомида янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизнинг маданий дипломатияси юксалди. Жумладан, Ўзбекистоннинг 29 та хорижий давлатда маданият кунлари, шунингдек, 12 га яқин хорижий давлатнинг Ўзбекистонда маданият кунлари ўтказилди.
2025 йилнинг ўзида 10 та давлатда “Ўзбекистон маданияти кунлари”, Ўзбекистонда эса 4 та давлат маданият кунлари ўтказилди.
Ўзбек санъатини дунё бўйлаб тарғиб этиш мақсадида Корея Республикаси, Қатар, Қозоғистон, Буюк Британия, Япония, Озарбайжон, Туркия каби давлатларда юртимизни тарғиб этувчи шахсларга “Ўзбекистон маданияти элчиси” мақоми берилди.
Маданият вазирлиги тизимида Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолияти қайта ташкил қилинди. Номоддий маданий мероснинг маҳаллий рўйхатларидаги намуналар сони 897 тага, миллий рўйхатга киритилган объектлар сони 78 тага етказилди. Жумладан, Шашмақом, Нурота каштачилиги, Қорабайир отларини парвариш қилиш анъаналари, аския – сўзамоллик санъати, қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати каби халқимизнинг ноёб ва ўзига хос номоддий маданий мерос намуналари миллий рўйхатдан ўрин олди.
Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти томонидан 14 та маҳаллий ва 4 та хорижий этнофольклор экспедиция ташкил этилди.
Ҳар йили номоддий маданий мерос йўналишида 75 та аудиовизуал асар (25 та аския ва қизиқчилик, 50 та бошқа йўналишда) яратиш учун давлат буюртмасини бериш тизими йўлга қўйилди. Ҳар йили март ойида барча ҳудудларда “Миллий қадриятлар ойлиги” ташкил этилиши йўлга қўйилди.
Давлатимиз раҳбарининг табригида таъкидланганидек, энг муҳими, Ватанимизнинг санъат соҳасида халқаро жараёнлардаги иштироки кенгайиб, нуфузи ортиб бормоқда. Ўзбекистонлик санъаткорларнинг Европадаги нуфузли маданият масканларидаги чиқишлари хорижлик санъат мухлисларида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Миллий кинематография, театр, тасвирий ва амалий санъат соҳасида илғор лойиҳалар ҳаётга фаол татбиқ этилмоқда. Буларнинг бари миллий маданият ва санъат орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш, Ватанимизнинг бебаҳо маърифий қадриятларини жаҳон узра тарғиб этиш, унинг обрўсини юксалтириш борасидаги амалий ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири