Мигрантнинг ойлик жўнатмаси 1 минг 850 доллар. Унга қандай эришилди?
Бу саволга Миграция агентлиги Фарғона филиали бош мутахассиси Зайниев Жамшид Равшан ўғли шундай жавоб берди:
– Бугунги кунда Фарғона вилоятидан жами 154 минг нафар фуқаро хорижий давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширмоқда. Уларнинг 86 минг нафари Россия Федерациясида, 11 минг нафари Туркия Республикасида, 5 минг нафари Жанубий Кореяда, 2 минг нафари Германияда ҳамда қолган қисми бошқа хорижий давлатларда меҳнат қилмоқда.
Хорижда меҳнат қилаётган вилоятимиз фуқаролари томонидан юртимизга юборилаётган маблағлар миқдори юқорилиги, жумладан, бир нафар меҳнат мигранти ҳисобига ўртача 1 минг 850 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказмалари тўғри келаётганлиги, аввало, уларнинг хорижий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, махсус касбий малака ва билим талаб этадиган, юқори даромадли иш ўринларида фаолият юритаётганлиги билан изоҳланади.
Хусусан, Россия Федерациясидаги йирик нефть-газ компаниялари ва ташкилотларида вилоятимиздан 35 минг нафарга яқин фуқаро нефть қудуқларини бурғилаш, қувурларни капитал таъмирлаш, нефть-газ ускуналарига хизмат кўрсатиш каби юқори малакали ишчи касблари бўйича меҳнат қилмоқда. Жумладан, “Газпром” АЖ, “Обънефтеремонт” МЧЖ, “Энергия нефтегазового сервиса” МЧЖ, “ГПС-2” МЧЖ, “СИНТЕРА” АЖ каби йирик ташкилотларда ишлаш имкониятлари яратилмоқда. Мазкур соҳаларда фаолият юритаётган фуқароларнинг лавозими, касбий малакаси ва иш тажрибасидан келиб чиқиб, ойлик иш ҳақи ўртача 1 500 – 3 500 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Бу эса фуқароларимизнинг хорижда юқори даромадли меҳнат фаолияти билан шуғулланиши ва юртимизга сезиларли миқдорда пул маблағлари юборишида муҳим омил бўлмоқда.
Шунингдек, Германия ва Жанубий Корея каби иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларда фуқароларимизни юқори иш ҳақи тўланадиган соҳаларга йўналтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жанубий Кореянинг Улсан шаҳри ҳокимлиги билан ҳамкорликда KOICA ўқув марказида “Улсан шаҳрига малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази” ташкил этилди. “Hyundai Heavy Industries” компанияси кўмагида марказга замонавий ишлаб чиқариш ускуналари олиб келинди. Бугунги кунга қадар марказда корейс тили, бўёқчилик, ҳавоза (леса) териш ва электриклик касблари бўйича тайёрланган 605 нафар фуқаро Жанубий Кореяга ишга юборилди.
Фарғона шаҳридаги “Wegweiser” немис тили ўқув марказининг 8 та ҳудуддаги филиалларида 1 525 нафар ёш немис тилига ўқитилмоқда. Шу кунга қадар марказ битирувчиларидан 570 нафари Германияда ишга жойлаштирилган бўлиб, улар учун ойига 2-3 минг евро миқдорида иш ҳақи олиш имконияти мавжуд.
Германиянинг “Consulting Uz” ташкилоти билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридаги “DaF Sprachzentrum” ўқув марказида 800 нафардан зиёд фуқаро немис тилига ўқитиш дастурига жалб этилди. Марказни тамомлаган 550 нафар фуқаро Германияга ишга юборилди.
Швециянинг “Globogate” ташкилоти билан ҳамкорликда Фарғона ва Марғилон шаҳарларидаги Абу Али ибн Сино техникумларида тиббиёт академияси ташкил этилган. 2025 йилдан буён 328 нафар фуқаро уч йиллик дастур асосида ҳамширалик касби ва немис тилига ўқитилмоқда. Дастур битирувчиларини Германияда ойига 2,1-3,5 минг евро иш ҳақи тўланадиган иш ўринларига жойлаштириш режалаштирилган.
Германиянинг “Askania Future” компанияси билан ҳамкорликда Марғилон шаҳар 4-сон техникумида 194 нафар номзод немис тили ва қурилиш соҳаси бўйича тайёрланмоқда. Уларнинг 30 нафари немис тили сертификатини қўлга киритган. Битирувчиларни Германиянинг йирик қурилиш компанияларига ойига 1,8–3 минг евро иш ҳақи билан ишга жойлаштириш кўзда тутилган.
Руминиянинг “Vos Logistics International” SA ташкилоти билан ҳамкорликда 2025 йил октябрь ва 2026 йил май ойларида СЕ тоифали оғир юк автомобиллари ҳайдовчилари учун танловлар ва амалий машғулотлар ташкил этилди. Танловдан муваффақиятли ўтган 43 нафар ҳайдовчи Руминияга уюшган ҳолда ишга юборилди.
Яқин Шарқ мамлакатларидаги меҳмонхона ва ресторанларда хизмат кўрсатиш соҳасида ишга жойлаштириш мақсадида “Perfect Academy” ўқув марказида 200 нафар ёш инглиз тилини ўрганиш дастурига жалб қилинди.
Бундан ташқари, Россия Федерациясида нефть-газ соҳасида малакали кадрларга бўлган талабни инобатга олган ҳолда, Қўқон шаҳар 1-сон техникуми ва Уфа давлат нефть техникаси университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси расмийлаштирилди. Ушбу ҳамкорлик доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, амалий машғулотлар, стажировкалар ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш билан бирга, Россияда нефть қудуқларини бурғилаш соҳасида ишлаш истагидаги номзодларни қисқа муддатли касбий тайёрлов курсларида ўқитиш белгиланган.
Шунингдек, Миграция агентлиги, Қува туман 1-сон техникуми ва “Свартэкс” таълим маркази ўртасида ҳам англашув меморандуми имзоланган. Меморандум доирасида нефть-газ, кимё, қурилиш, бурғилаш, насослар, сув таъминоти, меҳнат муҳофазаси ва биринчи ёрдам йўналишларида касбий таълимни ташкил этиш, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларни пайвандчилик ва бошқа ишчи касбларга тайёрлаш ҳамда уларни Россия Федерациясидаги йирик нефть-газ ташкилотларига ишга жойлаштириш кўзда тутилган.
Хулоса қилиб айтганда, Фарғона вилоятидан хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг бир нафари ҳисобига ўртача 1 минг 850 АҚШ доллари миқдорида пул ўтказмалари тўғри келаётганлиги, аввало, вилоятда меҳнат миграциясини ташкил этишда янги ёндашув – фуқароларни оддий ишчи кучи сифатида эмас, балки касб-ҳунар ва хорижий тилларни пухта эгаллаган малакали мутахассис сифатида тайёрлаш тизими йўлга қўйилаётганлиги билан боғлиқ.
Хусусан, Россияда нефть-газ соҳасида 1 500 – 3 500 АҚШ доллари, Германияда эса ҳамширалик ва қурилиш соҳаларида 1 800 – 3 500 евро миқдорида ойлик даромад олиш имкониятлари, шунингдек, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган давлатларда юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларига жойлаштириш ишлари фуқароларимизнинг даромад манбаларини кенгайтирмоқда.
Натижада хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг нафақат шахсий ва оилавий фаровонлиги ошмоқда, балки улар томонидан Ўзбекистонга, хусусан, Фарғона вилоятига юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмининг ортишига ҳам хизмат қилмоқда.
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА