Металлургия саноатида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Давлатимиз раҳбари Олмалиқ комбинатида сунъий интеллект орқали оператсион харажатлар, таннарх ва энергия сарфини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш бўйича натижалар борлигини қайд этди.
Масалан, самосвалларга онлайн кузатув воситаси ўрнатилиб, сунъий интеллект орқали оптимал маршрут танлангани ҳисобига 1,5 минг тонна дизель ёқилғиси ёки 22 миллиард сўм тежалган. Экскаватор тишларининг емирилишини олдиндан прогноз қилиш орқали технологик йўқотишлар 4 миллиард сўмга камайган.
Бошқа металлургия комбинатларида ҳам сунъий интеллект ва рақамлаштириш орқали ускуналардан фойдаланиш самарадорлигини 20 фоизга ошириш, таннархни 10 фоизга, энергия сарфини 15 фоизга, техник хизмат харажати ва технологик узилишларни 20 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Бекобод комбинатида сунъий интеллект ёрдамида лом таркибидаги нометалл буюмларни аниқлаш орқали йилига 25 миллиард сўм, эритиш печларига “ақлли” датчиклар ўрнатиш ҳисобига эса электр энергиясидан йилига 3 миллион доллар тежаш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
ЎзА