Менинг остонам гулзор, сизники-чи?
Бизда шундай бир қоида бор.
“Бизда шундай бир қоида бор. Эрталаб уйқудан туриб, юз-қўлингни ювгач, у ёқ-бу ёқни йиғиштиргандан сўнг дарҳол сайёрангни тозалашга киришмоғинг лозим… мен ўз сайёрам, феруза гулим учун жавобгарман!”. Эсладингизми? Хўш, қайси асардан? Майли, бунга кейинроқ тўхталамиз.
Дарҳақиқат, бугунги кунда халқимизнинг фидойилиги, ҳамжиҳатлиги ва меҳр-оқибатини кўриб кўнгиллар ёришади. Дунёни хавотирга солган вирус инсонларни янада ҳамжиҳатликка, озодаликка, инсонийликка чорлади.
Президентимиз раислигида 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ана шу масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Пандемиядан сўнг одатдаги фаол ҳаёт тарзига қайтилгач, халқимиз дастурхонининг тўкинлиги, оилаларимиз фаровонлигини таъминлаш, бозорларда нарх-наволар ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан республиканинг барча ҳудудларида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова ташаббуси билан уй бекаларининг бўш вақтларини кўпроқ жисмоний ҳаракатлар билан ўтказиши, хонадонларнинг артоф-муҳитини кўкаламзорлаштириш, шунингдек, томорқалардан унумли фойдаланишни ташкил этиш мақсадида "Менинг остонам гулзор" шиори остида акция ўтказилмоқда.

Албатта, бу саъй-ҳаракатлар бугунги кун вазиятидан келиб чиқиб, карантин талабларига тўла риоя этган холда амалга оширилмоқда.
Хусусан, Сирдарё вилоятида томорқа ишларини ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи штаблари ташкил этилиб, маҳаллалардаги фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари уй бекаларини ушбу акцияда фаол иштирок этиб, ўз саломатликларини асраш баробарида оиласи ва маҳалласи фаровонлигига ҳисса қўшишга чорлашмоқда.
Энди ҳамма ўзига тегишли бўлган томорқаларга турли сабзавот экинларини, мевали дарахтларни экиш билан бир қаторда ҳовлиларга файз бағишлайдиган турли манзарали дарахтлар, гулу-райҳонлар экишни бошлаб юборди. Наманганни гуллар шаҳри дейди, халқимиз. Энди Сирдарёга борганингизда ҳам турли туман гуллар ифори, атроф-муҳитнинг кўркамлиги дилингиз яйратиб юборса, ажабмас.
Аммо айрим хонадонларда бефарқлик ҳолатлари ҳам учраб турибди. Уларни ҳам бундай ободонлаштириш ишларига жалб қилиш бўйича маҳалла масъуллари тарғибот ишларини олиб бориб, ўзлари ҳам уларга қўлдан келганича кўмак беришмоқда.
Ҳа айтганча, юқорида келтирилган,“Бизда шундай бир қоида бор. Эрталаб уйқудан туриб, юз-қўлингни ювгач, у ёқ-бу ёқни йиғиштиргандан сўнг дарҳол сайёрангни тозалашга киришмоғинг лозим… мен ўз сайёрам, феруза гулим учун жавобгарман!” деган пурмаъно гаплар Кичкина шаҳзода тилидан айтилган. Дарҳақиқат, биз ҳам ўз сайёрамиз, она еримиз, она табиатимиз учун жавобгармиз... Ва уни гулистонга айлантирамиз....