"Мен шахсан Ботир Зокировни кўрмаганман..."
Республика Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига бағишланган «Эсда қолар бахтиёр кунлар» деб номланган хотира кечаси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон халқ артистлари санъат ва маданият ходимлари, Зокировлар сулоласи вакиллари ҳамда Ботир Зокировнинг мухлислари иштирок этди.
— Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори жуда катта аҳамиятга эга бўлди. Йил давомида жуда кўп тадбирлар амалга оширилмоқда. Чинакам маънода адабиёт, санъат, маънавият байрамига айланиб кетаётир, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Минҳожиддин Ҳожиматов – Мен шахсан Ботир Зокировни кўрмаганман, суҳбатини олмаганман, лекин мен ҳам худди сиз каби уни қўшиқлари орқали биламан. Ҳар бир қўшиқларида унинг қалби кўриниб туради.
Биз – адабиёт аҳли кўпинча, ёзувчилар ҳақида гап кетганда, фалончи ёзувчи фалон асари билан ўзига ҳайкал қўйди, деймиз. Лекин Ботир Зокировнинг қайси бир қўшиғи ҳайкал эмас?! Қайси бир қўшиғини беэътибор тинглаш мумкин? Ҳар бир қўшиғи бизнинг маъданият, санъат хазинамиздаги жавоҳирга тенг бўлган ашулалардир. Ботир Зокиров қўшиқлари билан ўзига ҳайкал қўйган санъаткор.
Унинг қўшиқларини эшитиб тўймайсан, эшитган сари қайта-қайта эшитгинг келаверади.
Тадбирда Ботир Зокиров ҳаёт йўли ёдга олинди. У билан боғлиқ хотиралар эсланди.
Д. Маматова, ЎзА мухбири