Мен сайловда илк бор овоз бераман
“Миллий тикланиш” демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан сайловга тайёргарлик жараёнида сайловчилар, айниқса, биринчи марта овоз берадиган ёшларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бу борада ёшлар иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Мен сайловда биринчи марта овоз бераман» мавзусида ўтказилган тадбирда партиянинг вилоят кенгаши фаоллари ҳамда мазкур олийгоҳ талабалари ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

- Бу галги сайловларда ҳам кўплаб ёшларимиз илк маротаба сайловларда иштирок этади, - дейди ЎзМТДП вилоят кенгаши раҳбари Сайфулла Маҳматмўминов. - Шу боис бугунги тадбирда асосий эътибор уларнинг мамлакат миқёсидаги сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, ёш сайловчилар, айниқса, биринчи марта сайловда қатнашадиган ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, фаол фуқаролик позициясини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий жараёнларга дахлдорлик ҳиссини ошириш масалаларига қаратилди.

Шунингдек мутахассислар томонидан ёшларга сайлаш ҳуқуқи, сайловларнинг аҳамияти ҳамда айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Тадбир давомида бу йилги сайловда илк маротаба овоз берадиган йигит-қизларнинг мазкур муҳим сиёсий жараён ҳақидаги тасаввур ва қарашлари билан ўртоқлашилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА