Мен элимнинг юрагида яшайман...
12 декабрь – Ҳамид Олимжон таваллуд топган кун
Новдаларни безаб ғунчалар,
Тонгда айтди ҳаёт отини
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Йиллар мени алдаб кетади.
Халқимиз кўнглидан жой олиб, гўзал тароналар билан кўнгилларга сурур берувчи ва баҳорий кайфиятни улашувчи ушбу сўзлар муаллифи айнан қиш фаслида дунёга келган илҳом соҳиби десак, унинг истеъдодига яна бир бор тасанно айтгингиз келади. Инсон — табиат фарзанди. Уни тараннум этгани сайин, олам мўъжизаларидан завқ олиб, шунчаки яшашни эмас, гўзал туйғулар билан яшашнинг завқини тотгиси келади. Бундай тортиқни эса ижодкор қалами инсониятга тақдим этиб бориши айни ҳақиқат. Бугун – 12 декабрь истеъдодли шоир, драматург, олим ва жамоат арбоби ва гўзал ижод соҳиби Ҳамид Олимжон таваллуд топган кун. 1909 йил Жиззах шаҳрида дунёга келган шоир бошланғич мактабни тугатгач, Самарқанд педагогика билим юртида, сўнг педакадемияда ўқиди.
Ёшликнинг ғайратли ва олтин даври бўлмиш талабалик йилларидаёқ унинг шеъриятга иштиёқи барқ ура бошлади. Натижада Ҳамид Олимжоннинг асарлари 1926 йилдан “Зарафшон” газетасида чоп этилди. Шоирнинг илк шеърий тўплами эса унинг қалбини акс эттиргани каби “Кўклам” дея номланди ва 1926 йилда босилиб чиқди. Шундан сўнг “Олов сочлар” (1931), “Ўлим ёвга” (1932), “Пойга” (1932) каби шеърий тўпламлари ўқувчилар қўлига тегди.
Давр билан бирга одим ташлаган, ўз ижодида халқимизнинг меҳнат жабҳасидаги қаҳрамонлигини тасвирлаган шоир 30-йилларда ажойиб лирик шеърлар билан бирга “Зайнаб ва Омон” достонини ёзди. Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1943) Ҳамид Олимжон ўзбек адабиётининг долзарб масалалари бўйича қатор илмий-танқидий асарлар яратди. У А.Пушкин, Л.Толстой, М.Горький, В.Маяковский, А.Серафимович, Т.Шевченко, М.Лермонтов, Н.Островский, А.Корнейчук асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг ажойиб дурдонаси “Алпомиш” достони биринчи марта Ҳамид Олимжон томонидан нашрга тайёрланиб (1938) чоп этилди.
У Алишер Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш юбилей қўмитасининг аъзоси сифатида улуғ шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Ҳамид Олимжон 1939 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди.
Унинг “Дарё кечаси”, “Ўлка”, “Бахт” (1939) тўпламлари, “Икки қизнинг ҳикояси” (1935-1937), “Ойгул билан Бахтиёр” (1937), “Семурғ” (1939) достонлари ўзбек шеъриятида романтик тасвир тамойилининг қарор топишига катта ҳисса қўшди. Иккинчи жаҳон урушининг оловли йилларида “Муқанна” шеърий драмаси яратилди ва у ҳанузгача драматургиямизнинг гўзал намуналаридан бири бўлиб келаётир. “Жиноят” драмаси замонавий мавзуда ёзилган. Бу даврда унинг бир неча шеърий тўпламлари қаторида “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари” каби балладалари ҳам яратилди.
Истеъдодли шоир 1944 йилда автомобил ҳалокати оқибатида вафот этди. Унинг сўзлари эса халқ билан бирга яшамоқда ва буни Ҳамид Олимжон ўз илҳоми билан муҳрлаб кетган.
Халққа айтинг, мен асло ўлганим йўқ,
Ёв қўлига таслим ҳам бўлганим йўқ.
Мен элимнинг юрагида яшайман,
Эрк деганнинг тилагида яшайман!
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА