Меҳрнинг чегараси бўлмайди
Пойтахтимизда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан «Ногиронлиги мавжуд инсонларни иш билан таъминлаш» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова ва бошқалар аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, алоҳида эҳтиёжли фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга зарур имкониятларни яратиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътиборида эканини таъкидлади.
Жамғарма ўз фаолиятида турли шаклдаги ногиронлиги бўлган одамлар учун инклюзив лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Куни кеча энг юқори тоифадаги тифлошарҳловчи ва актриса Ирина Безрукова иштирокида пойтахтимиздаги театрларда энг сара спектакллар намойиши бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус Самарқанд хайрия ярим марафони инклюзив дастурининг бир қисми бўлиб, унинг доирасида оғир хасталиги бор болалар учун ижодий студия ҳам қурилади.
Анжуман жамғарманинг ногиронлиги бўлган инсонларни иш билан таъминлаш йўналишидаги тизимли ишининг дебочаси бўлди, десак янглишмаймиз.
2020 йилнинг статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 654 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлиб, улардан 163 минг нафари меҳнатга лаёқатли, 20 минг нафари иш билан таъминланган. Ҳозир ногиронлиги бор шахсларни ижтимоий ҳимоялаш тизимида ислоҳотлар кечмоқда.
– Ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш Ўзбекистон учун катта ижтимоий аҳамиятга эга. Бу ўз-ўзини англаш учун туртки бўлиб, жамият ривожига ҳисса қўшиш имкониятини беради. Тенг шароитда ишга жойлашиш орқали ушбу тоифадаги шахслар стереотипик муносабатларни енгиб ўтишлари мумкин бўлади, – деди Бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов.
Шубҳасиз, имконияти чекланган аҳолини иш билан таъминлаш учун махсус чоралар кўрилиши лозим.
Ушбу мавзуда Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ижрочи директори Гаянэ Умерова ўз фикри билан ўртоқлашди:
– Иш берувчи нафақат ногиронлиги бўлган шахслар учун бўш иш ўринларини ажратиши, балки, уларни ишчилар билан тўлдириш учун барча зарур чораларни кўриши тўғри бўлади, деб ҳисоблаймиз. Келажакда иш берувчилар иш ўринларини ажратиш, махсус иш ўринлари яратиш билан бир қаторда улар тўғрисида маълумот бера олиши керак.
Алоҳида эҳтиёжли шахсларни иш билан таъминлашга жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ва ундаги муаммоларни аниқлаш бу борада амалий чораларни белгилашга ёрдам беради. Юқори тоифадаги тифлошарҳловчи ва актриса Ирина Безрукова оммавий ахборот воситаларини жалб қилишнинг аҳамияти ҳақида гапирди:
– Оммавий ахборот воситалари ва телевидение эътиборини имконияти чекланган шахсларга қаратиш катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Ушбу йўналишдаги янгиликларни қамраб, телевизион воситалар орқали муаммоларни ёритиш лозим. Бу ушбу мавзуни яширмасдан, ногиронлиги бор инсонларнинг эҳтиёжларини ҳамма учун очиқ қилишга ёрдам беради.
–- Бандлик билан бир қаторда инфратузилма ҳақида ҳам унутмаслик лозим, – деди «Меҳрли қўллар» Республика имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази директори Раъно Шодиева. -- Имконияти чекланган шахслар қандайдир тарзда ишга етиб келиши керак. Биз бўш иш ўринларини яратишни бошлашдан олдин қулай иш шароитларини яратишимиз лозим.
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов амалдаги масала ва қонунчиликни ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратди:
– Қонунчиликда ногиронликнинг турли даражаларига эга одамларни иш билан таъминлаш учун квоталарнинг атиги 3 фоизи кўзда тутилган. Ҳали ҳам қонунда белгиланган тартибда бажарилган ишларнинг назорати тўғрисида етарли маълумотга эга эмасмиз. Aлбатта, статистик маълумотларни очиқ қилишимиз керак, бу ҳаракатимизнинг кўрсатгичи бўлиб, режа тузиш ва жавобгарларни белгилашда кўмаклашади.
Н.Усмонова, ЎзА