Меҳнат жамоаларидаги истеъдодлар саҳнада
Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, аҳоли ўртасида бадиий ижодга қизиқишни ошириш, улар орасидаги иқтидорли ҳаваскор ижодкорларни аниқлашга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши ҳамда вилоят Маданият бошқармаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон овозлари” кўрик-танлови ташкил этилди.
Президентимизнинг 2026 йил 2 июндаги “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида ўтказилган мазкур тадбир ҳудудда янги истеъдодларни аниқлаш, ҳаваскор ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилди.

Унда турли давлат ва жамоат ташкилотларининг меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган 60 нафарга яқин турли касб эгалари ўз санъатини намойиш этди. Номзодлар “Анъанавий хонандалик”, “Эстрада хонандалиги” ва “Рақс ижрочилиги” йўналишлари бўйича беллашди. Иштирокчилар 18–35, 36–50 ҳамда 50 ёш ва ундан юқори ёш тоифалари бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди.
— Мақсадимиз касаба уюшмаси аъзолари орасидаги истеъдодли ҳаваскор ижодкорларни аниқлаш билан бирга маданий-маърифий муҳитни янада ривожлантиришдир, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент вилояти Кенгаши раиси Сайёра Файзиева. — Танлов якунига кўра, ҳар бир йўналиш ва ёш тоифаси бўйича жами 27 нафар иштирокчи 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаб, диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, иштирокчиларнинг ижодий маҳорати ва саҳнадаги чиқишлари эътироф этилиб, “Энг яхши миллий қўшиқ ижрочиси”, “Энг яхши ватанпарварлик руҳидаги ижро”, “Миллий меросга садоқат”, “Энг яхши саҳна маданияти” каби жами 9 та номинация бўйича ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.

Танловда фаол иштирок этган бошқа иштирокчиларга ҳам уларнинг ижодга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш мақсадида эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур кўрик-танлов турли соҳаларда фаолият юритаётган инсонларнинг санъатга бўлган қизиқиши ва ижодий салоҳиятини намоён этиш учун ўзига хос майдон бўлди.
А.Мусаев, ЎзА