МДҲ ўйинлари қизғин паллада
1-МДҲ ўйинларининг 6 сентябрь кунги баҳслари кутилганидек шиддатли беллашувларга бой бўлди. Кураш ва баскетбол (3х3) баҳсларида россиялик спортчилар умумий ҳисобда 12 та олтин медалга эгалик қилган бўлса, мамлакатимиз спортчилари баскетбол баҳсларининг ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилган беллашувларда беларуслик тенгдошларига йўл берган ҳолда 3-ўринни эгалади.
Кураш беллашувларида эса юртимизнинг ёш полвонлари 4 кумуш ва 5 бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 3-ўрин билан кифояланишди. Кураш мусобақаларида 1 тадан олтин, кумуш ва бронзага эгалик қилган озарбайжонлик ёшлар 2-ўринни эгаллади.
Ўқ отиш спорт турида россиялик мерганларга ҳеч қандай имконият қолдирмаган қозоғистонликлар 1-ўрин, ўзбекистонликлар иккинчи ўринга сазовор бўлди, мезбонлар эса 3-ўрин билан кифояланишди.
6 сентябрь кунги ҳолат бўйича 51 олтин, 15 кумуш, 14 бронза билан Россия терма жамоаси пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон спортчилари 15 олтин, 18 кумуш, 14 бронза билан иккинчи, 7 олтин, 15 кумуш ва 28 бронза жамғарган Қозоғистон вакиллари 3-ўринни банд этиб турибди.
Бугун, 7 сентябрь кунги МДҲ ўйинларида футзал ва бадминтон спорт турларида саралаш мусобақалари бўлиб ўтса, стентдан ўқ отиш, ўқ отиш, муай-тай ва самбо баҳсларида ёш спортчилар совринли ўринлар учун курашади. Спорт ўйинларининг қизғин ва муросасиз баҳслари давом этмоқда.


Тўлқин Рўзиев, ЎзА