МЧЖ муаммолари ўрганилди
Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Исматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро туманида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган муаммоларни ўрганди.
Туман мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган. Ҳудудда вилоятда етиштирилаётган мева-сабзавотларни қайта ишлашга мўлжалланган лойиҳаларга эҳтиёж юқори.

Туманда 2023 йилда “Milmaxtrade” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 27 миллион АҚШ долларига тенг мева-сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 26 минг тоннани ташкил этади.

Лойиҳа доирасида деҳқон ва фермерлар томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланади. Экспортга йўналтирилиши ва бюджетга йиллик 11,2 миллиард сўм тушум тушиши режалаштирилган. Бугунги кунда 150 та доимий ва 500 та мавсумий янги иш ўрни яратилган.
Жамият томонидан 10 гектар ер майдонида иссиқхона ташкил қилинган. 5 гектар ерда бодринг етиштирилиб келинмоқда. 5 гектар ерга помидор экилмоқда.

Вилоят прокурори бошчилигидаги ишчи гуруҳ МЧЖнинг фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ўрганди. Тегишли ҳуқуқий тавсия ҳамда тушунтиришлар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири