Мазмунли таътил учун яратилган шароитлар ўрганилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида “Ёзги соғломлаштириш ва дам олиш марказларида тўгараклар фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида “Келажак” маркази ҳамда “Оқ кабутар” болалар дам олиш оромгоҳига медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-турда журналист ва блогерлар, шунингдек барча туман ва шаҳарлардаги “Келажак” марказларининг масъул ходимлари қатнашди.
Медиа-тур иштирокчилари дастлаб, тумандаги “Келажак” маркази фаолияти ва тўгарак аъзолари томонидан яратилган қўл меҳнати маҳсулотлари кўргазмаси билан яқиндан танишди. Шунингдек, “Мактабга тайёрлов” йўналишидаги тўгаракларни муваффақиятли тамомлаган битирувчи болажонларга гувоҳномалар топширилди.
[gallery-29954]
“Ҳар бир туман — бир китоб” шиоридаги челленжида “Келажак” марказига қизиқарли китоблар совға қилинди.
Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистон халқ артисти, марҳум санъаткор Отажон Худойшукуров музейига ташриф буюрди. Саёҳат давомида улар музейдаги ноёб экспонатлар, санъаткорнинг бой ижодий мероси ҳамда миллий маданиятимиз ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида кенг маълумотларга эга бўлди.
Медиа-турнинг кейинги манзили - “Оқ кабутар” ёзги соғломлаштириш оромгоҳи бўлиб, бу ерда журналист ва блогерлар болалар учун яратилган замонавий шароитлар, мазмунли дам олиш жараёнлари ҳамда “Келажак” маркази тўгараклари фаолияти билан яқиндан танишди.
Журналистларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА