Мажбурий ижро бюроси делегацияси Вьетнамга ташриф буюрди
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори Музаффар Эгамбердиев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Вьетнамда бўлиб турибди.
Ташриф Вьетнам Социалистик Республикаси Адлия вазирлигининг Фуқаролик ишлари бўйича суд қарорлари ижросини бошқариш департаменти таклифига биноан ташкил этилган бўлиб, икки томонлама идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, амалий тажриба алмашиш ва суд қарорларини ижро этиш соҳасида профессионал алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Бюро делегациясининг бу ташрифи, аслида 2025 йил август ойида Вьетнам департаменти директори Нгуен Тханг Лой бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрганида эришилган келишувларнинг амалий давомидир.
Ўтган йили юртимизга ташриф буюрган вьетнамлик ҳамкасблар Мажбурий ижро бюроси фаолияти, давлат ижрочилари ишини ташкил этиш, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижро иши юритишни рақамлаштириш жараёнлари, идоралараро электрон ҳамкорлик, шунингдек, мол-мулкни электрон онлайн-электрон аукционлар орқали сотиш амалиёти билан танишди.
Томонлар ўртасидаги музокараларда асосий эътибор - ижро иши юритишни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, замонавий ахборот тизимларини қўллаш, суд қарорларини ижро этиш механизмларини такомиллаштириш ва мол-мулкни сотишнинг электрон шаклларини ривожлантириш соҳасида тажриба алмашишга қаратилди.
Учрашувлар якунида томонлар келгусидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш ва тегишли Меморандумни тайёрлаш бўйича келишувга эришишди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА