Майкл Вебер: Марказий банк инфляцион кутилмаларни ўрганишда юқори натижаларга эришмоқда
Бугун Марказий банкда “Инфляцион кутилмаларни баҳолаш ва бошқариш: сўров методологияси, эмпирик натижалар ва марказий банклар учун хулосалар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Марказий банк ходимлари, Тадқиқот кенгаши аъзолари, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Тадбир давомида инфляцион кутилмаларни баҳолаш усуллари, сўровларни ташкил этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, олинган эмпирик натижаларни талқин қилиш ҳамда улардан пул-кредит сиёсатида фойдаланишнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Семинарда Purdue University Mitch Daniels School of Business молия профессори Майкл Вебер маъруза қилиб, инфляцион кутилмаларни баҳолаш ва бошқариш бўйича илмий-тадқиқотлари ҳамда халқаро тажрибаси билан ўртоқлашди.
Таъкидлаш жоизки, профессор Вебернинг илмий фаолияти макроиқтисодиёт, активлар нархлари, халқаро ва уй хўжаликлари молияси, шунингдек, инфляцион кутилмаларни ўрганишга қаратилган. У инфляцион кутилмаларнинг шаклланиши, уларнинг иқтисодий қарорларга таъсири ва пул-кредит сиёсати самарадорлиги билан боғлиқ масалалар бўйича халқаро миқёсда тан олинган тадқиқотчилардан бири ҳисобланади.
Профессор Майкл Вебернинг қайд этишича, халқаро мезонларга асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки аҳоли, корхоналар ва молия бозори иштирокчиларининг инфляцион кутилмаларини ўрганиш борасида юқори натижаларга эришган.
– Бир йилдан ортиқ вақт давомида Марказий банк билан ҳамкорлик қилиб, сўровнома дизайни, саволларнинг ифодаланиши ва сўровларни ўтказиш методологиясини такомиллаштириш бўйича иш олиб боряпмиз. Берган тавсияларимнинг катта қисми амалиётга жорий этилган ва келгусида ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттирамиз.
Ўзбекистонда сўровлар 3 000-5 000 нафар респондентни қамраб олаётгани аҳоли сонини инобатга олганда салмоқли кўрсаткич ҳисобланади. Шу билан бирга, аҳолининг турли қатламларини янада кенгроқ қамраб олиш мақсадида сўровларни ўтказиш усулларини диверсификация қилиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Жумладан, онлайн сўровлар билан бир қаторда юзма-юз сўровларни ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Бу сўров натижаларининг аҳоли таркибини имкон қадар тўлиқ ва холис акс эттиришини таъминлашга хизмат қилади.
Инфляцион кутилмаларни ўрганиш Марказий банк учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки аҳоли ва бозор иштирокчиларининг инфляция бўйича кутилмалари иқтисодий қарорларга, хусусан, истеъмол ва ялпи талабга таъсир қилиши мумкин. Шу сабабли, инфляцион кутилмаларни мунтазам кузатиб бориш пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади, – деди М.Вебер.
Марказий банкнинг Пул-кредит сиёсати департаменти бўлими бошлиғи Ҳасанжон Додоевнинг сўзларига кўра, Марказий банк ҳар ой аҳоли, тадбиркорлар ва молия соҳаси экспертлари ўртасида инфляция ва инфляцион кутилмалар бўйича сўровлар ўтказмоқда. Уларда ўртача 5 000 нафар респондент иштирок этмоқда.
–Бугунги семинар иштирокчилар учун инфляцион кутилмаларни ўрганиш ва бошқариш бўйича халқаро тажриба билан танишиш, сўровлар методологиясини такомиллаштириш ҳамда ушбу йўналишдаги илғор ёндашувларни амалиётда қўллаш бўйича муҳим тажриба бўлди.
Айни пайтда профессор Майкл Вебер билан ҳамкорликда, унинг тавсиялари ва халқаро тажрибаси асосида инфляцион кутилмаларни пасайтириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Бунда инфляцион таргетлашга ўтган ва унга ўтиш даврида бўлган мамлакатлар тажрибаси ҳам ўрганилади.
Инфляцион кутилмаларни жиловлаш Марказий банк учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки инфляцион таргетлаш режимида бозор иштирокчиларининг инфляция бўйича кутилмаларини барқарорлаштириш асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Профессор Майкл Вебер инфляцион кутилмалар бўйича халқаро эксперт бўлиб, турли мамлакатлар марказий банкларига ушбу йўналишда тавсиялар бериб келган. У билан ҳамкорлик доирасида инфляцион кутилмаларни ҳисоблаш ва ўрганиш методологияси ҳам ишлаб чиқилмоқда. Уни йил якунига қадар жамоатчиликка тақдим этиш режалаштирилган, – деди Ҳ.Додоев.
Семинар якунида инфляцион кутилмаларни баҳолаш ва бошқариш методологиясини такомиллаштириш, халқаро тажрибани Ўзбекистон амалиётига татбиқ этиш ҳамда олинган натижалардан пул-кредит сиёсати самарадорлигини оширишда фойдаланиш бўйича фикр алмашилди.
Семинар доирасида халқаро эксперт Майкл Вебер журналистлар билан суҳбатлашиб, уларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА