Майдони йўқ мактаб, таъмирталаб йўллар, ёниб кетган симёғоч, изоҳ беришни истамаган ҳокимлик... Лойиҳалар фақат қоғоздами?
Бир мурожаат изидан
ЎзА таҳририятига Қашқадарё вилояти Ғузор тумани Чўмичли МФЙ фуқаролари номидан шикоят аризаси келиб тушди.
Мурожаатда таъкидланишича, қишлоқ йўллари жуда абгор. Мактабда ўқувчилар учун етарлича шароитлар яратилмаган, аҳвол ачинарли, спорт зали йўқ. Катта қувватли электр линиялари осилиб қолган ва бу одамларга хавф туғдирмоқда. Қувват етмаслиги боис электр таъминотида кўплаб узилишлар бўлади...
Ушбу муаммоларни жойига бориб ўрганиш мақсадида фотомухбир билан биргаликда Чўмичли МФЙга бордик. Дастлаб ўрганишларни қишлоқдаги 26-мактабдан бошладик.
26-мактабда айни пайтда 500 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Мактабнинг эски биноси 160 ўринга мўлжалланган. Мактабдаги асосий муаммолар иккинчи ўқув биноси билан боғлиқ. Боиси ўқувчи сони ошгач, анча аввал 310 ўринли икки қаватли замонавий бино қурилган, лекин совхозлар тугатилгач, мактаб қурилиши охирига етмай қолган. Натижада қишлоқ фуқаролари ва ҳомийлар кўмаги билан 1996 йилда ҳашар йўли орқали бино баҳоли қудрат таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Спорт зал қурилмаган. Ҳожатхона ҳам ҳашар йўли билан барпо этилган. Пол қилинмаган. Иситиш тизими ишламаслиги боис қўлбола печлардан фойдаланилади. Аммо ҳамма ёғи бетон бўлган хоналар деярли исимайди. Айниқса, қиш-қировли кунларда ўқувчилар совуқдан жуда қийналади.
[gallery-6145]
– Ҳақиқатдан спорт зал қурилмаган, – дейди мактаб раҳбари Ялдошбек Эралиев. – Спорт зали қуриб берилиши талаб қилинган, бу бўйича мактабимиз туманда биринчи ўринда турибди. Фаоллар зали ҳам йўқ. Иккинчи ўқув биномиз хўжалик томонидан қурилган бўлиб, унинг сметасига спорт зал ҳам, фаоллар зали ҳам киритилмаган. Бунинг устига қурилиши тугалланмай ҳам қолганди. Ҳашар йўли билан таъмирланган. У вақтлар мен раҳбар эмасдим. Ҳожатхона ҳақида ҳам шу гап. Ҳар йили жорий таъмирлаб қўямиз. Хуллас бу бинода 17 та дераза роми алмашиши керак, пол қилиниши керак. Иситиш тизимини таъмирлаш керак. Қозонхоналаримиз эскириб қолган.
Хўш, мактаб биноси совхоз даврида қурилган бўлса, устига-устак ҳашар йўли билан таъмирланган, хизматини ўтаб бўлган бўлса, наҳотки, шунча йиллар давомида масъуллар эътиборидан четда қолиб келмоқда? Ғузор туман халқ таълими бўлимининг маълум қилишича, ўтган давр мобайнида таъмирлаш ишларига маблағлар ажратилган. Ушбу маблағлар эвазига бинонинг том қисми шифер билан ёпиб берилган, фақат олди қисмидаги дераза ромлари акфа ромларга алмаштирилган, холос. Мактабни капитал реконструкция қилиш ва спорт зал қурилиши бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига таклифлар берилган.
Ўрганишларимиз давомида яна бир қизиқ маълумот қўлимизга тушди. Ушбу мактабда замонавий спорт зали қурилиши бўйича, 2015 йил 7 октябрда Ғузор туман ҳокими Ш.Донаевнинг Х-896/10-сонли қарори қабул қилинган. Лойиҳа-смета ҳужжатлари, тегишли ташкилотлардан техник хулосалар умуман, спортзал қурилиши учун барча ишлар бажарилган, аммо негадир қарор ижроси таъминланмай қолган. Негалиги биз учун ҳам мавҳум қолди. Ғузор туман ҳокимлиги ушбу масалага изоҳ беришни истамади.
Шу ўринда бир мулоҳаза, бугун раҳбарлар тез-тез алмашмоқда ва собиқ раҳбар давридаги режалаштирилган ишлар ёки юзага келган муаммолар ҳам ўша раҳбар билан қўшилиб “борса келмасга” кетмоқда. Афсуски бугун қайси раҳбарнинг эшигини қоқиб борманг “мен яқинда тайинланганман, у ишлардан хабарим йўқ” ёки “бу ишлар мен тайинланмасдан олдин режалаштирилган экан, бу бўйича ҳеч нарса дея олмайман” қабилидаги навбатчи жавобларни беради.
Чўмичли қишлоғи билан ёндош Зангибобо қишлоғида 26-мактабнинг филиали ҳам бор. 2018 йилда ушбу филиал мослаштирилган бино бўлгани боис 180 ўринли янги бино қуриб берилган. Синфхоналарда яратилган шароитлар яхши, аммо бу ерда ҳам иситиш тизими ишламайди. Қозонхоналар талабга жавоб бермайди. Энг ачинарлиси, бу ерда таълим олаётган ўқувчилар спорт машғулотларини олиб бориши учун ушбу филиалда на спот майдони, на спорт зали бор. Улар бу имкониятдан бебаҳра. Филиал атрофидаги кенг майдон янги бино қурилмасдан бурун ўзбошимчалик билан, ноқонуний равишда аҳолига уй-жой қуриш учун бериб юборилган. Балки “сотиб” юборилгандир. Бу ёғи бизга қоронғи.
Бундан ташқари қишлоқнинг йўллари ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Қишлоқ четида саноат корхоналарига тегишли газ конлари бор ва улардан тортиб олинаётган маҳсулотлар ҳар куни оғирлиги 30-40 тоннадан кам бўлмаган махсус юк машиналарида ташилади. Бу эса қишлоқ йўлларининг бузилиб кетишини янада тезлаштирмоқда. Конларда атмосферага ёқиб қўйилган йўлдош газлардан тарқалаётган ҳидни айтмаса ҳам бўлади. Қуриган дарахтни кесгандаҳам жаримага тортадиган экология ходимлари ҳавога тарқалаётган газ исини, афсуски сира пайқашмаяпти.
Аҳолини электр билан таъминловчи юқори кучланишли ҳаво линияси осилиб қолган, ҳатто қисқа туташувдан ёғоч устунларнинг баъзилари ёниб кетган. Аммо электр таъминоти корхоналари аҳоли ҳаётига хавф солиб турган устунларни кўриб кўрмасдан келмоқда.
Юқоридаги масалалар бўйича қишлоқда яқиндагина фаолият бошлаган ҳоким ёрдамчиси Бобур Нуриллаевга юзландик.
– Келганимнинг илк кунларидан бошлаб, қишлоқдаги муаммоларни ўрганиб чиққанман, – дейди Б.Нуриллаев. – Йўллар ҳақиқатдан таъмирталаб. Бу бўйича туман ҳокими билан боғландик ва жорий йилда қишлоқдаги йўлларнинг 9 километрини тўлиқ асфальт қилиб беришга ваъда беришган. Электр масаласи ҳам эътиборимиздан четда қолгани йўқ. Жорий йилги сметага киритилган. Бунинг натижаси ўлароқ яроқсиз ҳолга келиб қолган 2 километр 300 метр ҳаво линияси янгисига алмаштирилади. Зангибобо қишлоғига янги трансформатор ҳам ўрнатилади. 26-мактаб филиалининг спорт майдончаси масаласини ҳам ҳал қилдик. Мактабга ёндош ер-участкаси эгаси мини стадион учун ер ажратишга рози бўлди. Ҳозирда ҳужжатлаштириш ишларини олиб боряпмиз. 26-мактабга спорт зал қурилиши бўйича ҳам яқинда туман ҳокимлигига хат билан чиққанмиз. Ҳозирча жавоби келгани йўқ. Ушбу муаммога ҳам ижобий ечим топишга ҳаракат қиламиз.
Демак, Чўмичли қишлоғида жорий йилда яхши ўзгаришлар бўлади, агарда ушбу лойиҳалар ҳам аввалгилари каби қоғозда, режалигича қолиб кетмаса.
Ўлмас Баротов, Жамишид Норқобилов (сурат), ЎзА