Матбуот нуфузини ошириш масалалари кўриб чиқилди
Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилоят бўлимининг 2022-2025 йиллардаги фаолиятига бағишланган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Анжуманда уюшма аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар газеталари таҳририятлари бош муҳаррирлари, фахрий журналистлар, ёш ижодкорлар ҳамда уюшма қошида фаолият юритаётган ижодий тўгараклар иштирокчилари, вилоят бошқарма ва ташкилотларининг ахборот хизматларида фаолият олиб бораётган журналистлар қатнашдилар.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, уюшманинг вилоят бўлими бошқаруви раиси Р. Шералиев ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, соҳада эришилган натижалар ва келгусидаги устувор вазифалар хусусида ахборот берди. Шунингдек, тафтиш комиссияси раиси Т.Ҳакимов ташкилот маблағларидан фойдаланиш ҳолати ва самарадорлиги юзасидан ҳисобот тақдим этди.
Бугунги кунда вилоятда жами 24 та босма нашр мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси вилоят, 22 таси туман ва шаҳар газеталаридир. 1 та давлат телерадиоканали ва 1 та ННТ медиа маркази, 10 га яқин интернет нашрлар фаолият олиб боради.

Бўлим фаолиятини самарали ташкил этиш, моддий техника базасини мустаҳкамлаш, фахрий журналистларни ҳамда фаолият олиб бораётган ижодкорларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида олиб бораётган саъй-ҳаракатлар натижасида 2022-2025 йилларда вилоят ҳокимлиги томонидан 846,5 миллион сўм субсидия маблағлари ажратилишига эришилди.
Маблағлар оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида ўтказилган спорт мусобақаларига, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлашга, фахрий журналистларнинг таваллуд кунларини нишонлашга, фахрийларни обуна қилиш каби тадбирларга йўналтирилган.
Жараёнда уюшманинг бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссиясининг янги таркиби шакллантирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг республика конференциясида иштирок этадиган делегатлар сайланди. Муҳокамаларда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, фахрий журналистлар Озод Хушназаров ва Ҳанифа Зокирова, “Тошкент ҳақиқати” ва “Ташкентская правда” газеталари бош муҳаррири Тўхтамурод Ҳасанбоев, “Машъал” газетаси бош муҳаррири Отабек Исроилов, публицист ва шоира Саодат Мусаева ҳамда бошқа иштирокчилар вилоят бўлимининг тўрт йиллик фаолияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Тошкент вилоятидаги ОАВ вакилларини доимий қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раиси Раҳматилла. Шералиев. – Бунинг учун 2026-2030 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳамда йиллик, ҳафталик иш режаларимиз бор. Бугунги ҳисобот йиғилишида ҳам соҳани янада ривожлантиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, ижодий тўгараклар фаолиятини янада жонлантириш, вилоят журналистлари антологиясини яратиш ишларини якунлаш, журналист ва публицистларнинг китобларини нашр этиш ҳамда уларнинг тақдимотларини ташкил этиш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш, уюшма сафини иқтидорли ва ташаббускор ёш журналистлар ҳисобига кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда журналистиканинг олдида турган муҳим вазифалардан бири миллий матбуотнинг нуфузини ошириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва соҳага замонавий билим ҳамда қарашларга эга бўлган ёш кадрларни кенг жалб этишдир.
Ҳисобот йиғилишида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов сўзга чиқди.
А.Мусаев, ЎзА