Матбуот анжумани: раҳбар кенг жамоатчилик билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида давлат органлари ва ташкилотлари ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши белгиланган.
Шунга асосан Бухоро вилоятида 2024 йилда амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифа ва режалар ҳақида ахборот бериш мақсадида вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, республика даврий нашрлари, интернет нашрлари, телеканалларнинг вилоятдаги мухбирлари, журналист ва блогерлар, жамоатчилик вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари қолаверса, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этди.
[gallery-22150]
Матбуот анжуманида сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов ўтган йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, шаҳар ва туманларда жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва ишлаб чиқариш, қурилиш, соғлиқни сақлаш, ёшлар таълими, спорт, инвестиция, сайёҳлик соҳаларида, бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларида амалга оширилган чора-тадбирлар, жойларда ишсизликни бартараф этиш, камбағалликни қисқартиришда рўёбга чиқарилаётган лойиҳалар хусусида атрофлича маълумот берди.
Кейинги вақтларда вилоятда аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, янги корхоналарни ташкил қилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, турмуш тарзини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз Президенти томонидан тадбиркорларга яратилган шарт-шароит ва берилган имкониятларни инобатга олиб, тадбиркорлик субъектлари сони вилоятда 35,4 мингтага етказилиб, бу 2023 йилга нисбатан 10,6 мингтага кўпайган. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан 2024 йилда 6,5 триллион сўм кредит маблағи ажратилган. Муҳими, бугунга келиб 76 минг нафар фуқаро айнан шу корхоналарда меҳнат қилиб, моддий манфаат топмоқда.
Масалан, янгидан иш бошлаган корхоналар қаторида Бухоро шаҳридаги “Buxara Nekst jenereyshn produkt” МЧЖни айтиш мумкин. Бу ерда қиймати 120 миллион АҚШ долларига тенг, қуввати 2 миллион дона электротехника ва маиший техника воситалари (телевизор, кондиционер, кир ювиш машинаси, чанг юткич, электр-чойнак ва микротўлқинли печь) ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш ҳисобига 2 мингта янги иш ўрни яратилди.
Худди шундай, Пешку туманида “Buxoro Peshtex” МЧЖ фаолиятини кенгайтириб, субъектда қиймати 190,6 миллиард сўмлик, йилига 5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилгани маҳаллий аҳоли вакилларининг 200 нафардан ортиғини иш билан бандлигини таъминламоқда. Шунингдек, Олот туманида “Arev Gurleshik” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан электр энергияси таъминотида трансформатор пунктлари ва қувватлаш станцияларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳаси амалиётга жорий қилинди. Бу ташаббус доирасида 15,1 миллион АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди.
Яна бир муҳим тармоқ, ўтган йилда вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 127 та, жами 6010 та хонадонли кўп қаватли уй-жой замонавий андозалар асосида қуриб фойдаланишга топширилди. Жумладан, Қоракўл ва Ғиждувон туманларидаги “Янги Ўзбекистон” массивларида жами 360 хонадонга эга бўлган 18 та кўп қаватли турар жой иншооти, қолаверса, янгича тартиб ва дизайн асосида вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида 109 та, жами 5 минг 650 хонадонли кўп қаватли уй-жой барпо қилиниб, асосан ёш оилаларга фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, Бухорода сайёҳлик тизимини ривожлантириш, зиёрат туризми бўйича ҳам катта салоҳият шаклланган. Ўз навбатида, сайёҳларга зарур инфратузилмани яратиш мақсадида меҳмонхоналар сони 607 тага, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи туристик корхона сони эса 186 тага етказилгани муносиб ютуқлардан. Соҳадаги ислоҳотлар туфайли вилоятда “Windham”, “Merkuriy”, “Саҳид” каби халқаро брендларга хос бўлган 2 та 4 юлдузли ва 4 та 3 юлдузли меҳмонхона қаторида “Hayat Rejensi”, “Hilton”, “Ramada” каби халқаро брендлар иш бошлаш арафасида.
Яна бир муҳим лойиҳалардан, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасида 500-600 йил аввал бунёд қилинган “Тоқи Миёна” зиёрат йўлаги қайта тикланди. Вилоятда тарихий аҳамиятга эга туризм намойиш иншооти сони эса 300 тадан ошди. Зиёрат туризм йўналишида Сингапурда бўлиб ўтган “Halal In Travel – Global Summit 2024” умумжаҳон саммитида “Halal In Travel – Global Summit 2024” мукофоти Бухорога топширилди. 2024 йил ноябрда “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида Вобкентда “Ширин” туризм қишлоғи ва Ғиждувонда “Қўрғон” маҳалласи туризм мақомини олди.
Американинг машҳур етакчи “New York tayms” нашри Бухоро шаҳрини 2025 йилда ташриф буюришга энг муносиб жойлар рўйхатига киритди. Эндиликда 2025 йилда Бухоро тарихий марказида Жаҳон миқёсида анъанага айланган йирик Халқаро тасвирий-санъат анжумани(биенналеси)га тайёргарлик ишлари бошланган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган қатор саволларга вилоят ҳокими ҳамда мутасаддилардан атрофлича жавоб олди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбири