Масъуллар фаолиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди
Мустақиллик байрами арафасида Жиззах вилоятида маҳаллалар, сув хўжалиги объектлари ва улар атрофини ободонлаштириш, аҳоли томорқаларига суғориш сувини барқарор етказиб беришга қаратилган ишлар янада жадал тус олмоқда. Зеро, байрам шукуҳи аввало инсон яшайдиган муҳитда, хонадонлар файзи ва маҳаллалар кўринишида намоён бўлади.
“Маҳаллаларда тозалик ва ободлик долзарб ойлиги” доирасида ҳудудлардаги дарахт ва майсазорларни сув билан барқарор таъминлаш, ирригация тармоқларида тозаликни сақлаш, сув хўжалиги объектларини ободонлаштириш ҳамда масъул ходимлар фаолиятини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Пахтакор туманидаги “Сувонобод” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Жанубий Мирзачўл магистраль каналидан фойдаланиш бошқармаси биносида “Маҳалла еттилиги” фаолиятини самарали ташкил этишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Музаффар Турдибоев, бошқарма марказий аппарати ходимлари, тизим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда маҳаллаларга бириктирилган сув хўжалиги ходимлари иштирок этишди.
Зеро, ҳар бир хонадонга фаровонлик кириб бориши, томорқалардан унумли фойдаланиш учун шароит яратилиши кўп жиҳатдан ҳудуддаги тармоқларнинг қай даражада созлигига боғлиқ. Шу боис маҳаллаларни суғориш суви билан таъминлаш, сув тармоқларида санитария ва тозаликни сақлаш, мавжуд муаммоларни тезкор бартараф этиш ҳамда бириктирилган масъуллар фаолиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Айни пайтда вилоятдаги 304 та маҳаллага 214 нафар сув хўжалиги ходими бириктирилган. Улар ҳудудларга сув етказиб бериш ҳолатини ўрганиш, сув тармоқларини назорат қилиш ва аниқланган муаммоларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этиш билан шуғулланмоқда.
Назорат ҳам эътибордан четда эмас. Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида олти нафар мутахассисдан иборат штаб ташкил этилган. Штаб томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар кунлик таҳлил қилиниб, назоратга олинмоқда.

Мустақиллик байрамига тайёргарлик жараёнида сув хўжалиги объектларидаги ободонлаштириш ишлари ҳам алоҳида кўлам касб этмоқда. Жиззах вилоятидаги сув хўжалиги объектларида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ҳудудлар тозаланиб, тартибга келтирилмоқда, яшил майдонлар парваришланиб, дарахтларга шакл берилмоқда.

Бу жараённинг аҳоли ҳаётидаги амалий ифодаси эса Пахтакор туманида яққол кўзга ташланади. “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси томонидан Акмал Икромов фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси (ФХҲУ)да жойлашган “Буюк ипак йўли” МФЙ аҳоли томорқаларини сув билан таъминловчи яроқсиз ҳолга келган лоток тармоқлари ўрнига янги мустаҳкам лоток тармоқлари ўрнатилди.
Натижа эса аниқ: сув йўқотилишининг олди олинди, аҳоли томорқаларига барқарор суғориш сувини ўз вақтида етказиб бериш имконияти яратилди.

Аслида, обод маҳалла, файзли хонадон ва баракали томорқа бир-биридан айро тушунчалар эмас. Уларни боғлаб турган асосий омил — ўз вақтида қилинган амалий иш, масъулият ва натижа. Жиззах вилоятида Мустақиллик байрамига муносиб тайёргарлик ҳам ана шу тамойил асосида давом этмоқда.
Тадбир якунида бажарилган ишлар сарҳисоб қилиниб, маҳаллаларни суғориш суви билан барқарор таъминлаш бўйича навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири