Масофалар узоқ, кўнгиллар яқин
Бухоро вилояти Пешку тумани таркибидаги “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғинида “Сафрон”, “Қалъа Ота” ва “Жонгелди” қишлоқ овуллари бўлиб, унда қозоқ миллатига мансуб 800 нафарга яқин аҳоли умргузаронлик қилади. Овулда битта мактаб ва унинг филиаллари, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, шунингдек, 10 ўринга мўлжалланган шифохона ва дорихона мавжуд.
Марказдан 250 километр узоқликда жойлашган “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли асосан, кенг яйловларда чорвачилик, йилқичилик, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиб келади.

Қизилравот овули бугунда ўн йил аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Буни овул аҳолиси турмуш тарзида яққол кўриш мумкин. 2021 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, яроқсиз электр тармоқлари ҳамда трансформаторларини, симёғочларини бетон устунга янгилаш, йўл қурилиши каби ишлар бажарилиб, ҳудуд қиёфаси ўзгарди.

Давлат дастури доирасида ҳудуддаги Қизилравот ҳамда Қизилқум қишлоқлари ички кўчалари асфальт қилинди. Электр таъминоти яхшиланиб, трансформатор таъмирланди. Шунингдек, 960 та симёғоч янги бетон устунга алмаштирилиб, 102 та симёғоч янгиланди ва мавжуд 12 та кўчага ёритиш чироқлари ўрнатилди.

Байрам арафасида жонгелдиликлар учун асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Бундан овулда яшовчилар янги йил дастурхони учун арзон нархлардаги кундалик зарур қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш имконига эга бўлди.
Туман ҳокимлиги ҳамда “Пешку деҳқон бозори” МЧЖ томонидан ташкил этилган ярмаркада шакар, тухум, картошка, пиёз, ёғ, гуруч, мева-сабзавотлар ва бошқа зарур озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархда етказилгани чўлқуварларга хурсандчилик улашди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.