Маслаҳат маркази иш бошлади
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги арафасида Маънавий-маърифий ва диний масалалар бўйича маслаҳат маркази очилди. Унда вилоят сектор раҳбарлари, имом-хатиблар, отинойилар, психолог олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
– Марказ оилавий низолар, никоҳ ва талоқ, фиқҳий масалалар, миллий урф одатлар, психологик ёрдам, турли бидъат ва хурофотларни олдини олиш, фуқаролар орасида меҳр-оқибатлилик ҳиссини мустаҳкамлаш каби жамиятдаги исталган масалалар юзасидан вилоятдаги етакчи имом хатиблар, отинойилар, қолаверса, психолог-руҳшуносларни жалб этган ҳолда соф диний таълимот ва психологик илмлар асосида муносиб ечим топишига хизмат қилади, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Эркин Мажидов. – Шунингдек, ёшларни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва оила аъзолари билан тизимли ишларни амалга ошириш, мурожаатчиларни қизиқтирадиган бошқа савол ва муаммоларга мутахассислар томонидан маслаҳат берилади. Бундан ташқари, ушбу маънавий-маърифий масканнинг улуғ аллома, Бухоронинг “Қуббатул ислом” шарифига эришувига сабаб бўлган аждодимиз Абу Ҳафс Кабир Бухорий мангу қўним топган зиёратгоҳ ҳудудида ташкил этилгани ҳам бу ерга келувчи фуқароларнинг ҳазрат руҳидан маънавий таскин топишларини таъминлайди.
[gallery-3623]
Кўҳна ва боқий Бухоро азал-азалдан илму урфон, маданият ва маънавият масканларидан бири бўлиб келган. Шу боис тарихда диний ва дунёвий соҳадаги жуда кўп муаммоли масалалар шу ерлик олим ва уламолар томонидан кўриб чиқилиб, ечим топилган. Буюк тарихчи Наршахийнинг ёзишича, IX асрда ҳам Ироқу Арабистондан Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳузурларига келиб, у кишидан фиқҳий, ҳуқуқий ва бошқа соҳаларда масала сўралган экан.
Биз ана шундай буюк олимлар, улуғ зиёлилар авлодимиз. Аммо афсуски, сўнгги пайтларда жамият орасида “оммавий маданият”нинг салбий таъсири, ҳаётга енгил-елпи қараш ортидан пайдо бўлган ирфоний илмсизлик туфайли турмуш ва кундалик ҳаётдаги арзимас масалалар катта муаммоларни келтириб чиқармоқда. Мазкур нохушликларнинг олдини олиш, оилалар, қўни-қўшнилар, кишилар ўртасида вужудга келадиган муаммоли масалаларга маънавий-маърифий ва диний нуқтаи назардан ечим топиш, инсонларда кузатиладиган инқирозли вазиятларда муносиб тўғри йўлни кўрсатишга кўмаклашиш мақсадида Маънавий-маърифий ва диний масалалар бўйича маслаҳат маркази фуқароларга хизмат қилади.
Марказ ишини амалга оширишдан кўзланган асосий мақсад тинчлик ва осудаликни қадрлаш, одамларда бугунги ислоҳотлардан шукроналик кайфиятини яратиш, диний бағрикенглик ва инсонпарварлик туйғуларини шакллантириш, ижтимоий-маънавий кўмакка муҳтож фуқаролар билан якка тартибда маънавий-маърифий, диний йўналишдаги маслаҳатларни олиб бориш, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш, қайнона ва келин муносабатларини тиклаш, уларга психологик кўмак беришдан иборат.
Шунингдек, ёшларга дунёвий ва диний илмларни тўғри олиш масалаларида маслаҳатлар бериш, ҳаром ва ҳалоллик тўғрисида тушунчалар бериш, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан тизимли ишларни амалга ошириш. Аниқланган муаммоларни таҳлил қилиб, тегишли давлат идораларига маълумот тақдим этиш ва аниқланган муаммоларни ҳамкорликда бартараф этишдир.
Марказнинг очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов иштирок этди.
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат, видео), ЎзА