Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик: янги форматлар ва стратегик йўналишлар
Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида (МОХИ) “Марказий Осиё жараёни: Тошкент ва Чўлпонота саммитлари натижаларидан Аваза кун тартибигача” мавзусида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Буюк Британиянинг Цент-Эндрюс университети катта ўқитувчиси Филиппо Коста Буранелли, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжоннинг етакчи таҳлил марказлари вакиллари иштирок этди.
Йиғин давомида иштирокчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашуви ва жорий йилнинг 31 июль куни Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган норасмий саммит якунлари, шунингдек, Авазада бўлиб ўтадиган саммит кун тартибидаги устувор масалаларни муҳокама қилдилар.
Давра суҳбати аввалида МОХИ директори Ж.Вахабов 2018 йилдан бошлаб давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари платформаси нафақат сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиладиган жойга айлангани, балки ҳозирги кунда хавфсизлик, савдо, транспорт, энергетика ва сувдан фойдаланиш, шунингдек, гуманитар ҳамкорлик масалаларини қамраб олган юқори даражали минтақавий ҳамкорлик механизмига айланганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Буранелли ушбу формат консенсус, тенг ҳуқуқлилик ва давлат суверенитетини ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган минтақавий ҳамкорликнинг самарали механизми сифатида мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 31 июль куни Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.
КИСИ бўлим мудири А.Курмашев, шунингдек, EХҲТнинг Бишкекдаги академияси доценти Э.Жўраев давлат раҳбарлари учрашувларининг консенсус характерга эга эканлиги Марказий Осиёнинг минтақавий субъектлигини мустаҳкамлашга ва кенг кўламли масалаларни самарали мувофиқлаштириш имконини берувчи мослашувчан, амалиётга йўналтирилган ҳамкорлик механизмларини ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Бирлашган Қироллик мудофаа тадқиқотлари институти илмий ходими А.Аббосова Озарбайжоннинг шаклланган “C6” форматига қўшилиши Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида янги геоиқтисодий алоқаларнинг шаклланишини акс эттириб, трансминтақавий транспорт, энергетика ва савдо йўналишларини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишини тилга олди. Унинг фикрича, ушбу конфигурация минтақавий кун тартибини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун қулай шароит яратади, унинг асосий масалаларидан бири Ўрта йўлакни ривожлантиришдир.
Туркманистонлик логистика бўйича мутахассис А.Сапарова ушбу тезисни давом эттирар экан, Транскаспий йўналишининг барқарорлиги нафақат транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, балки тўсиқсиз муҳит яратиш орқали ҳам белгиланишини, бу эса йўналишнинг башорат қилиниши, ташишларнинг рақобатбардошлиги ва савдо оқимларининг барқарорлигини таъминлашини маълум қилди.
Муҳокама якунида иштирокчилар эксперт-таҳлилий мулоқотни янада чуқурлаштириш ҳамда Марказий Осиё жараёнини ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича амалий тавсиялар тайёрлашдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.
Ў.Алимов, ЎзА