Марказий Осиёда экологик барқарорлик ва “яшил” ривожланиш: минтақавий ҳамкорликнинг стратегик истиқболлари
Марказий Осиё минтақасидаги экологик хавф-хатарлар ва барқарор ривожланиш масалалари сўнгги йилларда глобал ва минтақавий кун тартибининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Давлатимиз раҳбарининг Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Минтақавий экологик саммитдаги нутқи ушбу муаммоларга нисбатан янгича концептуал ёндашувни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу нутқ нафақат мавжуд экологик муаммоларни таҳлил этиш, балки уларни ҳал этишнинг аниқ институционал ва стратегик механизмларини таклиф этиши билан ҳам ажралиб туради.

Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Оқилиддин Алимов фикрича, замонавий экологик муаммоларни таҳлил қилишда уларни алоҳида-алоҳида, локал даражада кўриб чиқиш энди самара бермайди. Иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, сув ресурслари танқислиги ва ер деградацияси каби жараёнлар ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, комплекс ёндашувни талаб этади. Марказий Осиёда бу жараёнлар янада кескин тус олмоқда, чунки минтақа географик ва иқлим хусусиятлари жиҳатидан юқори хавф зонасига киради. Сўнгги кузатувлар ҳароратнинг глобал ўртача кўрсаткичларга нисбатан икки баробар тез ўсишини кўрсатмоқда, бу эса музликларнинг қисқариши, гидрологик режимнинг ўзгариши ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.
– Бу ҳолат экологик муаммоларни фақат табиатни муҳофаза қилиш доирасида эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг ажралмас қисми сифатида кўриб чиқиш заруратини юзага келтиради, -дейди ТДШУ доценти О.Алимов. – Шу жиҳатдан, Ўзбекистон саммитда илгари сурилаётган “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” концепциясини замонавий экологик сиёсатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида қўллаб-қувватламоқда. Бу ёндашув давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, ресурсларни адолатли тақсимлаш ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали умумий экологик хавф-хатарларни юмшатишга қаратилган.

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги экологик ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Минтақада “яшил кун тартиби”, иқлим мослашуви стратегиялари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган дастурларнинг қабул қилиниши экологик дипломатиянинг институционал асосларини мустаҳкамламоқда. Бу эса ўз навбатида, трансчегаравий экологик муаммоларни биргаликда ҳал қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Ўзбекистон тажрибаси мазкур жараёнда алоҳида ўрин тутади. Ўлкада амалга оширилаётган экологик сиёсат тизимли ва кўп қиррали характерга эга бўлиб, у ўрмонлаштириш, сув ресурсларини самарали бошқариш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш каби йўналишларни қамраб олади. Хусусан, кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари ва Оролбўйи ҳудудида “яшил белбоғ”ларни барпо этиш нафақат экологик ҳолатни яхшилаш, балки иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини камайтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, “яшил” энергетика улушининг изчил оширилиши ва чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш лойиҳаларининг амалга оширилиши ресурслардан самарали фойдаланишнинг янги моделини шакллантирмоқда.

Президентимиз томонидан саммитда илгари сурилган ташаббуслар таҳлили шуни кўрсатадики, улар стратегик жиҳатдан чуқур ўйланган ва ўзаро боғлиқ тизимни ташкил этади. Масалан, “тоза ҳаво” консорциумини ташкил этиш саноатни модернизация қилиш ва атмосфера ифлосланишини камайтиришга хизмат қилса, чўлланишга қарши кураш марказига минтақавий мақом бериш илмий тадқиқотлар ва мониторингни кучайтириш, эрта огоҳлантириш имконини беради. Шунингдек, “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги” ташаббуси экологик стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш орқали иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
Ягона инвестиция портфелини шакллантириш ғояси эса минтақадаги экологик лойиҳаларни тизимлаштириш ва халқаро молиявий институтлар эътиборини жалб қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Бу ёндашув тарқоқ ташаббуслардан фарқли равишда, комплекс ва мувофиқлаштирилган ривожланиш стратегиясини амалга ошириш имконини беради. Шу билан бирга, Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш, “Марказий Осиё Қизил китоби”ни ишлаб чиқиш табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича илмий асосланган қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам ахборот базасини шакллантиради.

Ёшларни экологик кун тартибига жалб қилиш масаласи ҳам нутқда алоҳида ўрин эгаллади. Бу ўз навбатида, барқарор ривожланишни таъминлашда инсон капитали ва экологик маданиятнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Экологик таълим ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш орқали узоқ муддатли ижобий натижаларга эришиш мумкин.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур саммитдаги нутқи Марказий Осиёда экологик сиёсатнинг янги ёндашувларини шакллантиришда муҳим стратегик асос бўлиб хизмат қилади. Бу ёндашув замонавий “яшил иқтисодиёт” концепциясининг асосий мазмунини ташкил этади. Экспертнинг фикрича, агар минтақадаги давлатлар ўзаро ишонч, сиёсий ирода ва институционал ҳамкорликни мустаҳкамласа, Марказий Осиё нафақат экологик барқарорликка эришиши, балки глобал миқёсда рақобатбардош ва инновацион ҳудудга айланиши мумкин.
Ўткир Алимов, ЎзА