Марказий Осиё хабарлари
Марказий Осиё стратегик жойлашуви ва бошқа имкониятлари туфайли доимо халқаро жамоатчилик диққати марказида бўлиб келган. Шу маънода минтақада юз бераётган глобал аҳамиятга молик воқеалар таҳлили кўпчилик учун қизиқарли эканлиги табиий.
Қозоғистонда 4,5 магнитудали зилзила юз берди
Қозоғистон Миллий ядро маркази Геофизика тадқиқотлари институти Фавқулодда вазиятлар маълумотлари марказининг маълумотларига кўра, 10 июль куни Астана вақти билан соат 00:59 да Жамбил вилояти ҳудудида зилзила содир бўлди.
Ахборот ҳамкоримиз – “Казинформ” ёзишича, зилзила эпицентри Тараз шаҳридан 65 километр жануби-ғарбда жойлашган.
Эпицентрнинг координаталари 42,50 даража шимолий кенглик ва 70,88 даража шарқий узунликдир.
Таъкидланишича, зилзила магнитудаси – мб=4,5, энергия класси – К=10,4. Эпицентр 15 километр чуқурликда жойлашган.
Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширди
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Тожикистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ишлаб чиқариш ҳажми 28,8 миллиард сомонини ташкил этди, деб ёзмоқда “Ховар” давлат ахборот агентлиги.
Таъкидланишича, бу кўрсатгич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 миллиард сомонига кўпдир. Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Нурали Асозода матбуот анжуманида қайд этишича, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 18,3 миллиард сомони ўсимлик, 10,5 миллиард сомони эса чорвачилик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсимлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 866,7 миллион сомонига, чорвачилик маҳсулотлари эса 1 миллиард 57,5 миллион сомонига ошган.
Вазирлик маълумотига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ишлаб чиқариш таркибида деҳқон ва жамоа хўжаликларининг улуши 47,2 фоизни, аҳоли томорқа хўжаликларининг улуши эса 52,8 фоизни ташкил этади.
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Хатлон вилояти ҳиссасига тўғри келиб, у умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришининг 59,2 фоизини ташкил этган. Суғд вилояти улуши 25,4 фоизни, Тоғли Бадахшон мухтор вилоятиники 1 фоизни, Душанбе шаҳри ҳамда республика бўйсунувидаги шаҳар ва туманлар ҳиссаси эса 14,4 фоизни ташкил қилди.
Ҳисобот даврида қатор асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсган. Жумладан, картошка етиштириш ҳажми 286 минг тоннани ташкил этиб, 6,8 фоизга ошди. Сабзавот етиштириш 1 миллион 281,5 минг тоннага етди ва 5,3 фоизга кўпайди. Гўшт ишлаб чиқариш 135,6 минг тоннани ташкил этиб, 14,4 фоизга ўсди. Шундан парранда гўшти 21,1 минг тоннани ташкил этган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 7,1 фоизга юқори.
Бишкек аҳолисидан ШҲТ саммити вақтида шаҳарни вақтинча тарк этиш сўралди
Маълумки, Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида 30 августдан 1 сентябрга қадар Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити ҳамда VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Куни кеча Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозов Бишкек аҳолисига расмий мурожаат қилиб, имконият бўлса, ушбу кунларни Иссиқкўлда ёки бошқа дам олиш масканларида ўтказишни сўради.
Унинг қайд этишича, ўлкага илк бор бир вақтнинг ўзида 21 давлат раҳбари ташриф буюради. Улардан айримлари расмий давлат ташрифларини амалга оширади. Уч кун давомида Бишкек шаҳрида йўллар мунтазам равишда ёпилиши режалаштирилгани сабабли аҳоли айрим ноқулайликларга дуч келиши мумкин.
– Мактаб ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари дарсларни 15 сентябрдан бошлайди, -деди у. – Шунинг учун 1 сентябрга қадар Бишкекка шошилиш зарурати йўқ. Қирғизистон фуқаролари 15 сентябргача бўлган дам олиш кунларини олдиндан режалаштиришлари мумкин.
Айни пайтда мамлакатда ШҲТ саммитини ўтказишга тайёргарлик ишлари авжида. Расмийлар таъкидлашича, йиғин давомида давлат раҳбарлари иштирокида қатор икки томонлама ва кўп томонлама учрашувлар, иқтисодий ҳамкорлик, хавфсизлик, транспорт, рақамли тараққиёт ҳамда минтақавий барқарорликка бағишланган музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Шу муносабат билан пойтахтнинг асосий кўчаларида ҳаракат вақтинча чекланади, айрим давлат муассасалари ва ташкилотлар эса масофавий иш тартибига ўтиши мумкин.
Экспертлар фикрича, ШҲТ саммитининг Бишкекда ўтказилиши Қирғизистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини намойиш этиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Саммит якунлари бўйича қатор қўшма баёнотлар ва ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.
Ашхободда демографик статистика тизимини рақамлаштириш масалалари муҳокама қилинди
Туркманистон пойтахтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш ва демографик статистика (CRVS) тизимини рақамлаштириш масалаларига бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг ушбу ўлкадаги ваколатхонаси томонидан Туркманистон давлат статистика қўмитаси билан 2026 йилга мўлжалланган қўшма иш режаси доирасида ташкил этилди.
Таъкидланишича, учрашувнинг асосий мақсади CRVS тизимини ривожлантириш бўйича минтақада эришилган ютуқлар ва турли мамлакатлар тажрибасини муҳокама қилиш, шунингдек, демографик ҳисоб тизимига рақамли ечимларни жорий этиш орқали маълумотлар алмашинувини самарали йўлга қўйиш учун идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Муҳокамаларда Туркманистон давлат статистика қўмитаси, Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт саноати вазирлиги, Адолат вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Алоқа вазирлиги вакиллари иштирок этди. Шунингдек, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасининг аҳолишунослик ва маълумотлар соҳаси экспертлари онлайн форматда йиғилишда қатнашди.
Учрашув давомида иштирокчилар CRVS тизимини рақамлаштиришни ривожлантиришга оид вазифаларни таҳлил қилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш (ФҲДЁ), статистика ва ички ишлар идоралари ўртасида маълумот алмашинувини мувофиқлаштиришда вазирлик ва идораларнинг дастлабки вазифалари муҳокама қилинди. Шунингдек, аҳолининг ягона рақамли реестрини янада ривожлантириш бўйича келгуси қўшма чора-тадбирлар келишиб олинди.
Ўткир Алимов, ЎзА